Автомобиль ишлаб чиқариш: келажакдаги мақсадлар қандай

ASTANА. Кazinform — Ҳукумат йиғилишида ҚР Саноат ва қурилиш вазири Ерсайин Нағаспаев автомобиль ишлаб чиқаришнинг келажакдаги устувор йўналишлари ҳақида гапирди.

Фото: ortcom.kz

— Ҳозирги асосий вазифа — тайёр автомобиллар ишлаб чиқаришдан ташқари, мамлакатимизда унинг компонентларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришдир. Ушбу йўналишда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, автомобиль компонентларини маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва Қозоғистон етказиб берувчиларининг ишлаб чиқариш экотизимини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, янги бозорларни ривожлантириш, муҳандислик салоҳиятини ошириш ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга устувор аҳамият берилади, — деди у.

Ўтган йили соҳада янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди.

— Хусусан, умумий инвестициялари 346 миллиард тенгедан ортиқ бўлган 2 та йирик завод — KIA Qazaqstan ва Astana Motors Manufacturing Kazakhstan очилди. Заводлар замонавий технологиялар билан жиҳозланган ва автоматлаштирилган. Бугунги кунда бу ерда 135 та саноат роботи ишлайди, — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, саноатнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириш мақсадида 2028 йилга бориб енгил ва тижорат транспорт воситалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

— Шунингдек, Давлат раҳбарининг Хитойга ташрифи давомида автомобилсозлик саноатида бир қатор муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, Li Auto, OMODA ва JAECOO автомобилларини ишлаб чиқаришни бошлаш, SITRAK пилотсиз юк машиналарини ишлаб чиқариш ва BYD билан ҳамкорликда юқори тезликдаги зарядлаш станциялари тармоғини ривожлантириш режалаштирилган, — деди Ерсайин Нағаспаев.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Қозоғистонда 171 400 та автомобиль ишлаб чиқарилди.