Президент Қасим-Жомарт Тоқаев «Атлетико Мадрид» футбол клуби билан муваффақиятли ҳамкорликни юқори баҳолаб, Мигель Анхель Хиль Мариннинг Қозоғистонга ташрифи шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш имконини беришини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг айтишича, Қозоғистон замонавий футбол инфратузилмаси, машғулот базалари ва ёш футболчиларни тайёрлаш дастурларига фаол сармоя киритмоқда. Шу билан бирга, мамлакатда футбол клубларини хусусийлаштириш жараёни ҳам давом этмоқда.
Бундан ташқари, Президент FIFA билан ҳамкорликда мамлакатнинг барча ҳудудларида болалар учун 100 дан ортиқ янги футбол майдончасини қуриш ишлари бошланганига эътибор қаратди.
Учрашув давомида Қасим-Жомарт Тоқаев Испания терма жамоаси ва испан футбол мактабининг ютуқларига алоҳида тўхталиб, ушбу илғор тажрибани чуқур ўрганиш ҳамда уни қозоғистонлик иқтидорли футболчиларнинг янги авлодини тарбиялашда қўллашдан манфаатдор эканимизни таъкидлади.
«Атлетико Мадрид» клуби бош директори мамлакатда футболни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаётгани учун Президентга миннатдорлик билдирди.
У Алмати вилоятидаги «Атлетико Мадрид» академиясининг инфратузилмасига юқори баҳо бериб, келажакда у футбол бўйича энг яхши ўқув-машғулот мажмуаларидан бирига айланишини таъкидлади.
Аввалроқ Президент Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.