Спорт тадбири Халқаро ушу федерацияси томонидан Қозоғистон миллий ушу федерацияси билан ҳамкорликда, Хитойнинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги кўмагида ташкил этилган.
Астанадаги йиғинда Қозоғистон, Хитой, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан 70 нафардан ортиқ спортчи, мураббий ва мутахассис иштирок этмоқда. Дастур доирасида қатнашчилар қўшма машғулотлар, маҳорат дарслари ва таълимий маърузаларда иштирок этиб, спортчилар ҳамда мураббийлар малакасини оширмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Хитой Халқ Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хань Чуньлинь, Қозоғистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси ўринбосари Аманбай Нурмуханбетов ҳамда Қозоғистон ушу ва кунг-фу федерацияси бош котиби Мадина Астамирова иштирок этди.
ХХР Элчисм Хань Чуньлинь Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини таъкидлаб, мамлакатимизда ушуни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини билдирди. Аманбай Нурмуханбетовнинг сўзларига кўра, бундай тадбирлар халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, спортни ривожлантириш ва юқори малакали спортчиларни тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Мадина Астамирова эса иштирокчилар, мураббийлар, спорт ташкилотлари ва тадбир ҳамкорларига Қозоғистонда ушуни ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.
Маросимнинг энг ёрқин ва илҳомлантирувчи лаҳзаларидан бири Қозоғистон ва Хитой терма жамоалари спортчиларининг ушу таолу бўйича қўшма кўргазмали чиқишлари бўлди.
Қозоғистон ушу ва кунг фу Федерацияси президенти Гаджи Гаджиев, Астанадаги Хитой маданият маркази директори Ван Цинпин, Хитой ушу ассоциацияси бош котиби ўринбосари Чжан Лэй ва Хитой миллий санда жамоасининг юқори даражадаги мураббийи ва устози Чэнь Яншэн ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Хитой делегацияси вакиллари Қозоғистон Ҳукумати ва Қозоғистон Федерациясига халқаро ўқув-машғулот йиғинининг юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорчилик билдирдилар.
“Бугун Астанани халқаро спорт алмашинуви ва халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон деб аташ мумкин”, — деди Хитой ушу ассоциацияси раҳбарияти вакили Чжан Лэй.
Қозоғистон ушу ва кунг-фу федерацияси президенти Гаджи Гаджиев ҳам бундай ташаббусларнинг миллий ушу мактабини ривожлантириш ва спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлашдаги аҳамиятини таъкидлади.
“Мамлакатимизда ушбу спорт турини самарали ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Қозоғистон миллий терма жамоаси ушу саньда ва ушу таолу бўйича кўплаб халқаро чемпионатларда фаол иштирок этмоқда. Интилиш, меҳнатсеварлик ва ушуга бўлган муҳаббат туфайли қозоғистонлик спортчилар юқори натижаларга эришиб, жаҳон аренасида медалларни қўлга киритмоқда. Биз Халқаро ушу федерацияси ва ушу ватани бўлган дўст Хитойдан келган юқори малакали мутахассисларнинг эътиборини юксак қадрлаймиз. Спортчиларимизга ва Марказий Осиё давлатлари ушу терма жамоалари вакилларига берилган тажриба ва билимлар янги ғалабалар ҳамда умумий муваффақиятлар тарихининг бошланиши бўлишига ишонамиз”, — деди Гаджи Гаджиев.
Халқаро ўқув-машғулот йиғинлари 17 июнга қадар давом этади. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, дастур ушуни Қозоғистон ва Марказий Осиё мамлакатларида янада ривожлантиришга қаратилган интенсив машғулотлар цикли, таълимий тадбирлар, ўқув маърузалари ва амалий машғулотларни ўз ичига олади.