Йиғилишда Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон чегара идоралари, шунингдек, ЧҚҚК Мувофиқлаштирувчи хизмати, МДҲ Ижроия қўмитаси, Терроризмга қарши марказ, МДҲнинг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи бюроси ҳамда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси раҳбарлари ва экспертлари иштирок этмоқда.
“Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгаши - бугунги кунда МДҲ маконидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг энг нуфузли, самарали ва жадал ривожланаётган институтларидан бири ҳисобланади. Бундай учрашувларнинг мунтазам ўтказилиши ва уларда муҳим масалаларнинг кўриб чиқилиши МДҲ давлатларининг чегара идоралари аниқ амалий натижаларга эришишга интилаётганини яққол кўрсатади”, — деди МДҲ Бош котибининг ўринбосари Нурлан Сейтимов.
Унинг таъкидлашича, бугунги тадбир кун тартиби МДҲга аъзо давлатлар чегара идоралари фаолиятига тааллуқли асосий масалаларни қамраб олган.
“Ушбу учрашув ўзаро ишонч, ҳурмат ва барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда конструктив ва самарали ўтишига ишонамиз. Мазкур йиғилиш МДҲ мамлакатлари чегараларида барқарорликни таъминлаш ва чегарачилар биродарлигини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади. МДҲ Ижроия қўмитаси МДҲга аъзо давлатлар Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади”, — деди Н. Сейтимов.
Жумладан, кенгаш йиғилишида МДҲга аъзо давлатларнинг ташқи чегараларини муҳофаза қилиш, ахборот алмашинувини автоматлаштириш, терроризм ва экстремизмга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш ҳамда жиноятчиликка қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Халқаро тадбир якунлари бўйича бир қатор ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.