Фестиваль бош продюсери Наталья Абрашкинанинг айтишича, Comic Con Astana ҳар йили ўз кўламини кенгайтириб бормоқда.
“Ҳар йили ҳамкорларимиз ва ташриф буюрувчиларимиз сони ортиб бормоқда. Фестиваль ўтказиладиган майдончалар ҳам кўпайди. Бизнинг асосий мақсадимиз — ҳар бир оила ўзи учун қизиқарли нарсани топа оладиган ва ушбу тадбирга ҳар йили келишни истайдиган муҳит яратиш” , — деди у.
Бу йил фестиваль илк бор бир вақтнинг ўзида икки объектда ташкил этилмоқда.
Фестивальдаги асосий тадбирлардан бири — халқаро косплей танлови. Бу йил унинг соврин жамғармаси 20 миллион тенгени ташкил этади.
Танлов иштирокчилари машҳур фильмлар, сериаллар, аниме, комикслар ва компьютер ўйинларидаги қаҳрамонларни ўйнайдилар.
“Косплей танловига 20 дан ортиқ мамлакатдан аризалар келиб тушди. Бироқ уларнинг барчаси саралашдан ўта олмади. Аризалар сони биз қабул қила оладиган иштирокчилар сонидан тахминан саккиз баробар кўп бўлди. Шунинг учун саралаш жараёни бир неча босқичда жуда қатъий тарзда ўтказилди. Натижада 180 нафар иштирокчини танладик”, — деди Наталья Абрашкина.
Ташкилотчилар прогнозларига кўра, тўрт кун давомида фестивалга тахминан 100 минг киши ташриф буюриши режалаштирилмоқда.
“Ҳозир хориждан келадиган меҳмонларнинг аниқ сонини ҳисоблаяпмиз. Ҳозирча прогнозларга кўра, тўрт кун ичида фестивалга тахминан 100 минг киши келади. Чипталар ҳали ҳам сотилмоқда. Шунинг учун тўртинчи кун якунига келиб ташриф буюрувчилар сони янада кўпайиши мумкин”, — деди бош продюсер.
Унинг сўзларига кўра, бу йил фестиваль дастури оилавий дам олишга ҳам мослаштирилган.
Бу ерда кичик ёшдаги болалар учун ўйин майдончалари, катта гейминг ҳудудлари ишламоқда. Шунингдек, бу йил фестивалда иштирок этаётган блогерлар сони ҳам ошган.