Астанада илк бор ногиронлар аравачасида теннис бўйича ITF Futures Series турнири ўтказилади
ASTANA. Kazinform – 31 майдан 7 июнгача Астана шаҳрида ногиронлар аравачасида теннис бўйича KPMG Open халқаро турнири бўлиб ўтади.
Қозоғистон теннис федерацияси матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур мусобақа Марказий Осиёдаги ITF Futures Series тоифасидаги илк турнир бўлади.
Турнирда АҚШ, Япония, Австралия, Франция, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Польша, Қирғизистон, Россия, Беларусь ва Қозоғистон каби 11 мамлакатдан спортчилар иштирок этади.
Айни пайтда, жаҳон рейтингида ТОП-100ликка кирган теннисчилар ҳам иштирок этиши маълум. Улар қуйидагилар: эркаклар орасида япониялик Тамоя Тачи (57), жанубий кореялик Ли Жин Хван (74), яна бир япониялик Юшинобу Фуджимото (82); аёллар орасида россиялик Виктория Львова (21), австралиялик Сэлли Шварц (41), жанубий кореялик Джу Юн Пак (60), россиялик Людмила Бубнова (60) ва қозоғистонлик Айжан Битимбаева (84).
Турнир Қозоғистон теннис федерацияси ҳамда KPMG компанияси кўмагида ташкил этилмоқда.
Барча ўйинлар Астанадаги Beeline Arena миллий теннис марказида ўтказилади. Биринчи босқич 31 май – 3 июнь, иккинчиси эса 4-7 июнь кунлари бўлиб ўтади.