Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчиси Валихан Туреханов ва «Сомон Эйр» авиакомпанияси бош директори Абдулқосим Валиев Астана ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатнов очиш масаласини муҳокама қилди.
Томонлар пойтахтлар ўртасидаги тўғридан-тўғри авиақатновлар Қозоғистон ва Тожикистонни янада яқинлаштириши, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий, сайёҳлик, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини мамнуният билан қайд этдилар.
Душанбе-Астана йўналиши бўйича биринчи рейсни амалга ошириш маросими Қозоғистон Республикаси элчихонаси, «Сомон Эйр» авиакомпанияси ва Тожикистон фуқаро авиацияси қўмитаси, шунингдек, дипломатик корпус ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 2 апрель куни ўтказилиши режалаштирилган. 19 апрелдан бошлаб Астанага парвозлар ҳафтасига икки марта – сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.