Аризаларни қабул қилиш муддати 7 сентябрда якунланди. Танловда 4756 муаллиф иштирок этди.
Энг кўп асарлар Қўшма Штатлардан тақдим этилди — 1395 та. Қозоғистон 829 та асар билан аризалар сони бўйича иккинчи ўринда турибди. Ҳиндистондан 702 та, Хитойдан 550 та ва Жанубий Кореядан 349 та лойиҳа тақдим этилди. Аризалар сони бўйича биринчи ўнталикка Буюк Британия, Индонезия, Япония, Бразилия ва Франция ҳам кирди.
Танловнинг асосий мавзуси — The Future Worth Living In ("Яшашга арзийдиган келажак"). Ушбу мавзу бўйича 3138 та фильм тақдим этилди. Бу - барча ишларнинг тахминан 40 фоизини ташкил этади. Тематик чекловларсиз очиқ дастурга 4929 та асар тақдим этилди.
Фильмлар танлов учун махсус ишлаб чиқилган. Муаллифлар сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда, жанр, драматургия ва бадиий тил нуқтаи назаридан турли ёндашувларни синаб кўрдилар. Танловнинг умумий дастури 19 та жанрни ўз ичига олади.
“Халқаро танловни бир неча ой олдин бошлаган эдик. Бугун 125 мамлакатдан 8000 дан ортиқ асарларни қабул қилмоқдамиз. Булар сунъий интеллект имкониятларини синаб кўриш учун мўлжалланган алоҳида тажрибалар эмас, балки мураккаб сюжет, персонажлар ва бутун кинематографик дунёга эга тўлақонли фильмлардир. Бундай миқёс сунъий интеллект киносининг қанчалик тез ривожланаётганини кўрсатади”, - деди фестиваль асосчиларидан бири ва AAIFF бошқаруви раиси Алмаз Жали.
Фестивалнинг соврин жамғармаси - 1 миллион долларни ташкил этади. Унинг 750 минг доллари асосий мавзудаги энг яхши асарларга берилади. Қолган 250 минг доллари очиқ дастурда "Энг яхши персонаж", "Энг яхши режиссёрлик", "Энг яхши визуал тил", "Энг яхши ҳикоя" ва "Энг яхши концепция" номинацияларига ажратилади.
Бундан ташқари, юқори салоҳиятга эга AI-жамоалари учун 1 миллион доллар инвестициялар ажратилган. Бу маблағ тадбиркор ва инвестор Балажи Сринивасан томонидан тақдим этилган.
“Биз фестивалдан кейин ҳам кучли лойиҳалар давом этишини истаймиз. Шу сабабли, соврин жамғармасидан ташқари, инвестициялар ҳам кўриб чиқилди. Бу муаллифларга ишлаб чиқаришни давом эттириш, лойиҳаларини кенгайтириш ва Қозоғистонда уларни янада ривожлантириш имконини беради. Шу мақсадда танланган жамоалар Astana Hub иштирокчиларига айланиши мумкин”, — деди AAIFF асосчиларидан бири ва креатив директори Айзат Қусайнов.
Шундай қилиб, умумий мукофот жамғармаси ва инвестиция миқдори 2 миллион долларни ташкил этади.
Фильмлар халқаро ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. Унинг таркибига ЮНЕСКОнинг собиқ бош директори ва Франциянинг собиқ маданият вазири Одри Азулай, China Film Group сунъий интеллект тадқиқот институти декани Ма Пин, Пекин кино академиясининг анимация бўлими декани ўринбосари Ван Хао, тадбиркор ва инвестор Балажи Сринивасан ва BytePlus вакили киради.
Финалга чиққан фильмлар Chaplin кинотеатрларининг катта экранларида намойиш этилади. Фестиваль дастурида шунингдек, муҳокамалар, маҳорат дарслари ва тақдирлаш маросими ҳам мавжуд. Танлов ғолиблари 3 октябрда эълон қилинади.