Баҳрайннинг Gulf Air авиакомпанияси 12-17 октябрь кунлари Баҳрайн ва Ар-Риёд ўртасидаги ҳар икки йўналиш бўйича барча рейсларни бекор қилди.
Qatar Airways сўнгги воқеалар муносабати билан Ар-Риёд ва Даммам шаҳарларига амалга ошириладиган рейслар вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
Бирлашган Араб Амирликларининг миллий авиакомпанияси Etihad Airways Абу-Даби ва Ар-Риёд ўртасидаги барча рейсларни 19 октябрь, душанба кунига қадар тўхтатди. Бундан ташқари, компания сешанба ва чоршанба кунларига режалаштирилган Абу-Даби — Даммам рейсларини, шунингдек, пайшанба кунига қадар Абу-Дабидан Жиддага амалга ошириладиган айрим рейсларни бекор қилди.
Қувайтнинг Kuwait Airways авиакомпанияси Қирол Холид номидаги халқаро аэропортнинг вақтинча ёпилиши муносабати билан Ар-Риёдга амалга ошириладиган рейслар тўхтатилганини маълум қилди.
Мисрнинг EgyptAir авиакомпанияси аэропорт фаолияти қайта тиклангунига қадар Қоҳира ва Александриядан Ар-Риёдга амалга ошириладиган рейслар тўхтатилганини хабар қилди.
Саудия Арабистони Фуқаро авиацияси бош бошқармаси Қирол Холид номидаги халқаро аэропорт фаолияти қўшимча хабар берилгунига қадар тўхтатилишини маълум қилди. Идоранинг тушунтиришича, бундай қарор аэропорт инфратузилмаси хавфсизлигини текшириш ва унинг фаолиятини қайта тиклашга тайёрлигини баҳолаш мақсадида қабул қилинган. Текширув ишлари тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.
Ҳаво қатновидаги узилишлар сабабли Саудия Арабистонининг Қатар, Баҳрайн, Уммон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қувайтдаги элчихоналари рейслар бекор қилингани туфайли ўз юртига қайта олмаётган фуқароларини Ар-Риёдга етказиш учун автобус қатновини ташкил қилди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир ҳафта ичида Саудия Арабистонидаги бешта аэропортга ўн марта ҳужум қилинган. Оқибатда 20 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган.