Алматида Халқаро ёшлар куни қандай нишонланади
ALMATY. Kazinform - Халқаро ёшлар куни муносабати билан мегаполисда бир қатор махсус акциялар ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Минтақавий коммуникациялар хизмати брифингида Алмати шаҳар Ёшлар сиёсати бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Азиз Кажденбек маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, Алматида 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган 695,6 минг киши истиқомат қилади.
“1999 йилдан буён бутун дунёда 12 август Халқаро ёшлар куни нишонланади. Бу кун ёшларга, уларнинг ютуқ ва салоҳиятига бағишланган. Бизнинг вазифамиз – ёшларнинг сифатли таълим олиши, соғлиғини сақлаш ва бандлигини таъминлаш, уларнинг камолоти учун қулай шарт-шароит яратишдир”, - деди Азиз Кажденбек.
Шунингдек, у шу куни шаҳар тадбиркорлари билан биргаликда 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар учун кенг кўламли «Jas Almaty» акциясини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлади. Тадбир доирасида умумий овқатланиш ва соғлом дам олиш соҳаларида чегирмалар кўзда тутилган.
3-12 август кунлари «Taza Qazaqstan», «Jas kelse. Iske!» каби 10 йўналишда 60 дан ортиқ спорт, маданий-интеллектуал тадбирлар ўтказилади. «Densaulyk – zor bailyk», «Gylym tappai maqtanba», «Meyirimdilik mekeni», «Adal Azamat», «Enbek barin de jenbek», «Ystyq qairat. Nurly aqyl. Jyly jurek», «Qorgan-24», «Jasratmen birge» тадбирлари ёшларда ижодий салоҳият, соғлом турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилади.
Ҳайъат раҳбари ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, шунингдек, ёшларга алоҳида кўмак кўрсатиш мақсадида ўтган йили Алмати шаҳрида 8 та ёшлар жамоатчилик марказлари ишга туширилганини таъкидлади. Марказлар сони 2025 йилга бориб 16 тага етказилади.
Муаллиф: Досбол Атажан