Алмати вилоятида Марказий Осиёдаги энг йирик Pepsi заводи қурилади

Фото: Фото: Үкімет

ASTANA. Kazinform - ҚР Бош вазири Олжас Бектенов Pepsi компаниясининг Россия, Беларусь, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича президенти Девид Манзини билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Kazinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Алмати вилоятида тузли газаклар ишлаб чиқарувчи завод қуриш лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Янги Pepsi заводи Марказий Осиёдаги энг йирик завод бўлади. 2024 йил июнь ойида бўлиб ўтган аввалги музокаралар якунларига кўра, инвестиция ҳажми 160 миллион доллар миқдорида режалаштирилган эди. Бугунги кунда компания сармояни икки баравар оширишга қарор қилди. Картошкани қайта ишлаш қуввати ва ишлаб чиқариш ҳажми 3 баравар – 70 минг тоннадан 210 минг тоннагача ошиб, йилига қарийб 70 минг тонна тайёр маҳсулот етиштириш имконини беради. Корхонада 900 га яқин иш ўрни яратилади. Pepsi компаниясининг Россия, Беларусь, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича президенти Девид Манзинининг маълум қилишича, лойиҳанинг биринчи босқичини ишга тушириш ва Қозоғистон маҳсулотларининг биринчи партиясини чиқариш 2026 йилнинг мартига мўлжалланган, завод эса 2027 йил сентябригача тўлиқ қувватга кириши кутилмоқда.

Лойиҳа маҳаллий хомашёдан фойдаланишни назарда тутади – Қозоғистон фермер хўжаликлари картошка етказиб беришда иштирок этади. 2035 йилга келиб Pepsi картошка чиплари етиштириладиган навларни тўлиқ маҳаллийлаштиришга ўтишни режалаштирмоқда. Ҳозирда дастурга Павлодар, Ақмола, Қарағанди, Алмати вилоятлари ва Жетису вилоятидан 15 га яқин фермер хўжалиги киритилган. Шунингдек, хомашё сақлаш базасини кенгайтириш, экинлар ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифатини оширишга илмий ёндашувларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

“Биз юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган бундай лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. Давлат идоралари икки ҳафта ичида барча зарур қарорларни қабул қилади”, – деди Олжас Бектенов.

Фото: Үкімет

"Қозоғистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланаётганини юқори баҳолаймиз. Биз учун хорижий инвестор сифатида қулай шарт-шароитлар яратилган, зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Биз юқори салоҳиятни кўрмоқдамиз ва шунинг учун Қозоғистонга сармоя киритишни икки баравар оширишга қарор қилдик", - деди Давид Манзини.

Учрашув якунлари бўйича Ташқи ишлар вазирлигига икки ҳафта муддатда Қозоғистон ҳукумати ва Pepsi ўртасида Инвестиция келишувини тайёрлаш топширилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги айни даврда инвестор учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида агросаноат мажмуи субъектига инвестиция киритиш вақтида қилган харажатларининг бир қисмини субсидиялаш қоидаларига зарур ўзгартиришлар киритади.