Алмати шаҳрида кураш бўйича фахрийлар ўртасида йирик халқаро мусобақа бўлиб ўтади
ASTANA. Kazinform – 17-18 май кунлари Алмати шаҳридаги Sadu Arena спорт мажмуасида эркин ва юнон-рум кураши бўйича фахрийлар ўртасида халқаро турнир бўлиб ўтади.
Қозоғистон кураш федерациясидан маълум қилишларича, “Фахрийлар майдони” турнири учинчи бор ташкил этилмоқда. Унда АҚШ, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондан 500 нафарга яқин полвон куч синашади.
Мусобақанинг мукофот жамғармаси 12 миллион тенгени ташкил қилади. Турнир Алмати шаҳар кураш федерацияси ҳамда “Қозоғистон юнон-рум ва эркин кураш усталари жамғармаси” ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Турнир ғояси муаллифи Ерлан Малаевнинг айтишича, ушбу мусобақани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, фахрийлар ўртасида спорт савиясини оширишдан иборат.
"Ушбу мусобақани ўтказишдаги асосий ғоямиз фахрий спортчиларнинг ўз ҳаракатлари билан эътироф этилиши, ортда қолмаслиги, ёш авлодга ўрнак бўлишини таъминлашдан иборат. Биз фақат ҳалол меҳнатимиз, тўғри хатти-ҳаракатларимиз билан келажак авлодни илҳомлантира оламиз”, – дейди мусобақа ташкилотчиси Ерлан Малаев.
Турнирда Алматидан икки жамоа иштирок этади, яъни биргина жанубий пойтахтдан 150 нафар полвон куч синашади. Қозоғистон терма жамоаси сафида фахрийлар ўртасида тўрт карра жаҳон чемпиони Есентай Капар ҳам иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, бунгача икки маротаба ташкил этилган халқаро турнирда жами 400 нафарга яқин полвон иштирок этган.