Астанада «Al Jazeera Week Қозоғистонда» халқаро лойиҳасининг иккинчи мавсуми бошланди

ASTANA. Kazinform - «Al Jazeera Week Қозоғистонда» таълимий лойиҳасининг иккинчи мавсуми Maqsut Narikbayev University ҳузуридаги Халқаро журналистика мактаби базасида, Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиокомплекси иштирокида очилди.

Фото: Виктор Федюнин / Kazinform

Лойиҳанинг тантанали очилиш маросимида Президент Телерадиокомплекси директори ўринбосари Еркежан Кунтуған, Al Jazeera Media Institute директори Эман Аль Амри, MNU Бошқарув раиси Талғат Нарикбаев, талабалар, лекторлар ва таклиф этилган меҳмонлар иштирок этди.

Фото: Виктор Федюнин / Kazinform
Фото: Виктор Федюнин / Kazinform

Янги мавсумда Al Jazeera Media Network телеканаллар тармоғи мутахассислари замонавий журналистиканинг асосий масалалари, халқаро кун тартиби, рақамли медиа ҳамда мазмунли, масъулиятли ва рақобатбардош ахборот муҳитини шакллантиришда янги авлоднинг роли ҳақидаги мулоқотни давом эттиради.

Халқаро таълим лойиҳаси Қозоғистон медиа муҳити вакиллари ҳамда Al Jazeera Media Network ўртасида тажриба алмашиш майдони ҳисобланади.

Фото: Виктор Федюнин / Kazinform

Лойиҳа 28 сентябрдан 2 октябрга қадар давом этади ва маълумотлар журналистикаси, диджитал-сторителлинг, журналистик суриштирув ва мобиль журналистика, фактчекинг ва верификация, замонавий ҳужжатли журналистика ҳамда интервью олиш техникаси каби долзарб йўналишлар бўйича 7 та таълим дастурини қамраб олади.

Фото: Виктор Федюнин / Kazinform

Таълим дастурида 130 нафардан ортиқ бакалавр талабалар, 100 нафар амалдаги соҳа мутахассислари, шунингдек, магистрантлар, докторантлар ва профессор-ўқитувчилар таркиби иштирок этади.

Назарий ва амалий машғулотларни ўз ичига олган таълим якунлари бўйича талабалар ҳар бир йўналиш бўйича курс лойиҳаларини тайёрлаб, ҳимоя қилади, шунингдек, Al Jazeera Media Institute сертификатларига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда ташкил этилган Халқаро журналистика мактаби Қозоғистон Республикаси Президенти Телерадиокомплекси ва Maqsut Narikbayev Universityнинг қўшма лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг касбий ривожланишига кўмаклашиш, шунингдек, жамият ва давлатнинг замонавий коммуникацион эҳтиёжларига жавоб берадиган бўлажак журналистлар захирасини шакллантиришга қаратилган.

ҚР Президенти Телерадиокомплекси Қозоғистондаги энг йирик вертикал интеграциялашган медиа компанияси бўлиб, барча оммавий ахборот воситаларида медиа контентини ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг тўлиқ циклига эга. Компания тузилмасига Jibek Joly телеканали ва қозоғистонлик аудитория учун шу номдаги радиостанция, Silk Way, Silk Way Cinema, Silk Way Prime халқаро каналлари, Каzinform халқаро ахборот агентлиги, Ҳужжатли фильмлар маркази ва TRKLAB рақамли бўлими киради.

Al Jazeera телекомпанияси 1996 йилда Қатар амирининг фармони билан ташкил этилган. Телекомпания дунёнинг аксарият мамлакатларида араб ва инглиз тилларида эфирга чиқади ҳамда хорижда 50 дан ортиқ бюросига эга. Ҳужжатли контент Al Jazeera Documentary телеканалида эфирга узатилади.