АҚШнинг Алматидаги янги Бош консули қозоқ тилида видеомурожаат қилди

Фото: Фото: instagram.com/uscgalmaty
ALMATY. Kazinform – АҚШнинг Алматидаги янги Бош консули Мишель Еркин Қозоғистон халқига қозоқ тилида мурожаат қилди. Видеомурожаат АҚШнинг Алматидаги бош консуллигининг Instagramдаги саҳифасида эълон қилинди, деб хабар беради Kazinform.

«Мен АҚШнинг Алматидаги Бош консули сифатида фаолиятимни бошлаяпман. Менимча, бу катта шараф. Мен 20 йил олдин Алмати шаҳрини севиб қолгандим. (... ) Мен бу ерга келишдан олдин ҳам қозоқ тилини ўргана бошладим. Ҳозир мен қозоқ тилининг ватанида тил ўрганишни давом эттираётганимдан мамнунман», – деди Бош консул.


Мишель Еркин - АҚШ Давлат департаментида ташқи ишлар хизмати ходими. Айни лавозимга тайинланишидан олдин у Исландиянинг Рейкьявик шаҳридаги АҚШ элчихонасида миссия раҳбари ўринбосари бўлган.

Дипломатик фаолиятини 2003 йилда бошлаган Мишель бунгача Алмати (Қозоғистон), Панама (Панама), Бишкек (Қирғизистон), Сан-Сальвадор (Сальвадор) ва Москва (Россия) шаҳарларида ҳам ишлаган.

Мишель Йель университетини минтақавий тадқиқотлар: Россия ва Шарқий Европа йўналиши бўйича имтиёзли диплом билан тамомлаган. У Миннесота университети юридик факултетида ҳуқуқшунослик доктори даражасини олган.