АҚШда техник носозлик сабабли мингдан ортиқ авиарейс кечиктирилди

ASTANA. Kazinform — АҚШнинг Delta Air Lines авиакомпаниясида автоматлаштирилган вазн ўлчаш ва мувозанатни ҳисоблаш тизимидаги носозлик туфайли мингдан ортиқ авиарейс кечиктирилди. Бу ҳақда DW хабар берди.

Фото: news.delta.com

Техник носозликлар 22 ноябрь, якшанба куни, Шукроналик куни арафасида юз берди.

Эрталаб авиакомпания парвозларни амалга ошириш учун вазнни вақтинча қўлда ҳисоблаш тизимига ўтганини маълум қилди. Кейинчалик автоматлаштирилган тизим фаолияти ҳам тикланди.

FlightAware маълумотларига кўра, якшанба куни кечга бориб Delta компаниясининг қарийб 2 мингта рейси, яъни барча парвозларнинг 58 фоизи кечиктирилган. Авиакомпания рейсларнинг кечикиши ва бекор қилиниши ҳолатларининг тахминан 70 фоизи техник носозликлар, қолган қисми эса ноқулай об-ҳаво шароити билан боғлиқ эканини маълум қилди.

Авиакомпания йўловчиларни иссиқ овқат ва меҳмонхона билан таъминлашга ёрдам берган. Федерал авиация маъмурияти (FAA) талабларига мувофиқ, самолётнинг вазни ва мувозанати бўйича белгиланган чекловлар парвоз хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.