АҚШда қорамол сони сўнгги 70 йилдан ортиқ вақтдаги энг паст даражага тушди. Бунга асосий чорвачилик ҳудудларидаги қурғоқчилик оқибатида яйловлар қисқаргани, шунингдек ёқилғи, ишчи кучи ва жиҳозлар нархи ошгани сабаб бўлган. Натижада кўплаб фермерлар молларини сотишга мажбур бўлди.
АҚШ Меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида мол гўшти нархи 11,8 фоизга ошган. Фақат июнь ойининг ўзида нарх ўтган ойга нисбатан 1,2 фоизга қимматлаган. Қийма мол гўшти 12,4 фоизга, ростбиф 13,8 фоизга, стейк эса 11,4 фоизга қимматлашган.
Мураккаб вазият ҳақида Tyson Foods компанияси ҳам маълум қилди. Компания бош директори Донни Кинг мол гўшти ишлаб чиқариш бўлинмаси кутилган натижага эриша олмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бўлинманинг зарари 138 миллион долларни ташкил этган, савдо ҳажми эса 15,9 фоизга қисқарган. Қорамол таклифининг чеклангани ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот нархининг ўсишига таъсир кўрсатган.
Шунингдек, АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) август ойи охиридан бошлаб Мексикадан қорамол импортини босқичма-босқич қайта йўлга қўйишини маълум қилди. Импорт бир йилдан ортиқ вақт аввал янги дунё гўшт пашшаси тарқатадиган касаллик авж олгани сабабли тўхтатилган эди. Етказиб бериш Аризона штати орқали, Мексиканинг чегарадош штатларидаги эпидемиологик вазият баҳолангандан сўнг қайта бошланади.
Донни Кингнинг айтишича, Мексика билан чегаранинг қайта очилиши узоқ муддатда қорамол етказиб бериш ҳажмини яхшилаши мумкин. Бироқ бу яқин вақтда юзага келган тақчиллик муаммосини тўлиқ ҳал қилмайди. Компания вазият 2027 йилдан бошлаб босқичма-босқич яхшиланишига умид билдириб, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтириш бўйича ишларни давом эттиряпти.
Аввалроқ АҚШдаги нефть захиралари 1983 йилдан бери кузатилган энг паст даражагача камайгани ҳақида хабар берилган эди.