Бу ҳақда нодавлат Gun Violence Archive ташкилоти маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, байрам дам олиш кунлари давомида мамлакат бўйлаб 20 та оммавий отишма ҳолати қайд этилган. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Мазкур даврда бундан кўпроқ оммавий отишма фақат 2021 йилда кузатилган.
Gun Violence Archive маълумотига кўра, отишмалар оқибатида 100 киши ҳалок бўлган, яна 340 киши ўқотар қуролдан жароҳат олган.
Ташкилот эълон қилинган маълумотлар дастлабки эканини ва кейинчалик уларга аниқлик киритилиши мумкинлигини таъкидлади.
Аввалроқ АҚШда Мустақиллик куни байрами зўравонлик ҳодисалари соясида ўтгани, турли шаҳарларда камида етти киши ҳалок бўлиб, ўнлаб одамлар жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди.
Бруклинда номаълум шахс оилавий барбекю иштирокчиларига ўқ узиб, саккиз кишини, жумладан тўрт нафар болани яралаган.
Флоридада отишма қурбони 19 ёшли йигит бўлган, яна олти киши жароҳат олган.
Индианада икки алоҳида ҳодисада бир аёл ва 10 ёшли бола ҳалок бўлган, яна бир неча киши шифохонага ётқизилган.
Калифорнияда Мустақиллик кунига бағишланган кечада бир эркак ва бир аёл ҳалок бўлган, яна уч киши жароҳатланган. Шунингдек, Огайо ва Миссури штатларида ҳам отишмалар содир бўлган.
Бундан ташқари, Огайо ва Калифорнияда фейерверклардан фойдаланиш билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилган. Улардан бирида бир киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши оғир тан жароҳати олган.