АҚШнинг Орегон штатидаги Бенд шаҳрида жойлашган бошланғич мактабда содир бўлган отишма оқибатида камида уч нафар бола ва бир нафар ўқитувчи ҳалок бўлган.
CNN телеканали маълумотларига кўра, ўқувчиларга қарата ўт очган шахс 16 ёшли ўсмир бўлган. Ҳозирча унинг исми ва ҳужумни амалга ошириш сабаблари маълум эмас. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум вақтида мактабда тахминан 400 нафар ўқувчи ва яна 40 нафар ходим бўлган.
Бенд полицияси матбуот хизматининг маълум қилишича, икки киши - ўқитувчи ва етти ёшли бола шифохонага ётқизилган. Жабрланганларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас. Ҳужумчи ўқитувчилардан бирини, шунингдек, беш, саккиз ва ўн бир ёшли уч нафар болани отиб ўлдирган.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодиса тафсилотларини аниқлаштирмоқда. CNN маҳаллий полицияга таяниб хабар беришича, отишмани амалга оширган шахс полиция ходимлари воқеа жойига етиб келишидан олдин ўлдирилган. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири қўлида қурол бўлган ўсмирнинг мактабга бостириб кирганини кўриб, уни мустақил равишда зарарсизлантирган.
CNN таъкидлашича, Бенд шаҳридаги отишма 2026 йил бошидан буён АҚШ мактаблари ҳудудида содир бўлган 36-отишма ҳолатдир.