Вазирлик матбуот хизмати маълум қилишича, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, кенгайтирилган стратегик шерикликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.
Томонлар икки томонлама муносабатларнинг ижобий суръатини қайд этиб, амалий ҳамкорликни кенгайтириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
2025 йил ноябрь ойида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларни ҳам ўз ичига олган ҳолда, юқори даражадаги келишувларни амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳтар Тилеуберди ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Америка инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилиш, шунингдек, энергетика, муҳим минераллар, рақамлаштириш, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
“Шунингдек, томонлар Майамида бўлиб ўтадиган навбатдаги G20 саммитига тайёргарлик масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Бундан ташқари, Марко Рубио G20 саммитидан кейин яқин вақт ичида Қозоғистон Республикасига тўлиқ форматдаги ташриф билан келишдан манфаатдор эканини тасдиқлади. Учрашув якунлари бўйича Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда аниқ амалий натижаларга эришишдан ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио амалий ташриф билан Ўзбекистонга боргани ҳақида хабар берилган эди.