Янги линиядан чиққан биринчи самолёт Хитойнинг China Eastern Airlines авиакомпаниясига топширилди. У Хитойдаги авиакомпаниялар орасида Airbus самолётларидан иборат энг йирик паркни бошқаради.
Янги якуний йиғиш линияси Airbusнинг Хитой ва Осиёдаги иккинчи шу турдаги ишлаб чиқариш майдони бўлди. У 2025 йил октябрь ойида фойдаланишга топширилган.
Airbus компанияси биринчи етказиб беришни Хитойдаги саноат фаолиятини кенгайтириш ва глобал ишлаб чиқариш тизимини ривожлантиришдаги муҳим босқич деб атади.
«Ушбу етказиб бериш Airbusнинг хитойлик ҳамкорларимиз билан узоқ муддатли ҳамкорликка содиқлигини ва Хитой фуқаролик авиацияси бозорининг узлуксиз ўсишига бўлган ишончимизни намоён этади», — деди Airbusнинг тижорий самолётлар дастурлари ва хизматлари бўйича ижрочи вице-президенти Филипп Мхун.
Унинг сўзларига кўра, янги линия A320 оиласига мансуб самолётларни ишлаб чиқариш қувватини ойига 75 тага оширишга хизмат қиладиган омиллардан бири бўлади. Шунингдек, у жаҳон фуқаролик авиацияси бозоридаги юқори талабни ҳисобга олган ҳолда самолётлар ишлаб чиқариш ҳажмини мослашувчан равишда ошириш имконини беради.
China Eastern Airlines учун мазкур етказиб бериш Airbus билан кўп йиллик ҳамкорликнинг давоми бўлди. 1985 йилда авиакомпания Хитойга етказиб берилган ушбу ишлаб чиқарувчининг биринчи самолёти — Airbus A310ни қабул қилган.
Тяньцзинь шаҳрида ишлаб чиқаришни кенгайтириш Airbusнинг фуқаролик авиацияси бўйича дунёдаги энг йирик бозорлардан биридаги мавқеини мустаҳкамлайди ҳамда компаниянинг Хитой авиакомпанияларига A320 оиласига мансуб самолётларни етказиб бериш имкониятларини оширади.
Аввалроқ Airbus A320 тарихда энг кўп сотилган реактив йўловчи самолётига айланиб, Boeing 737ни ортда қолдиргани ҳақида хабар берилган эди. 2025 йил октябрь ойига келиб, A320 оиласига мансуб етказиб берилган самолётларнинг умумий сони 12 260 тага етган.