Airbus вакилларининг Executive Traveller порталига маълум қилишича, янги Airbus A350-1000ULR самолёти Тулуза шаҳридан Мелбурнгача тўхтовсиз парвоз қилади. Тахминан 17 минг километр масофани ва 22 соат давом этадиган ушбу йўналиш Qantas авиакомпаниясининг Project Sunrise («Тонг отиши») деб номланган кўп миллиард долларлик лойиҳаси учун муҳим синов ҳисобланади.
Мазкур синов тижорат йўловчи самолёти оралиқ қўнмасдан қарийб бир сутка давомида ҳавода бўла олишини намойиш этиши керак. Qantas ушбу лойиҳани 2017 йилдан буён амалга оширишни режалаштирган.
Компания Австралиядан Европа ва Шимолий Америкага ёнилғи қуймасдан, тўхтамасдан ва қўнмасдан тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
Агар лойиҳа муваффақиятли амалга оширилса, келаси йил октябрь ойидан бошлаб йўловчилар илк бор Сиднейдан Лондонга ва Нью-Йоркка тўхтовсиз учиш имкониятига эга бўладилар.
Бундай рейсларни амалга ошириш учун буюртма қилинган A350-1000ULR самолётларига бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритилади. Самолётнинг дум қисмига сиғими 20 минг литр бўлган қўшимча ёнилғи баки ўрнатилади. Шунингдек, ёнилғи тизими ҳамда бортдаги ошхонанинг совутиш тизими модернизация қилинади.
A350 самолётининг янги модификацияси фойдаланишга топширилишидан аввал Европа Авиация Хавфсизлиги Агентлигининг сертификатлаш жараёнидан ўтиши лозим.