Air Astana 15 та Boeing самолётига буюртма берди

Фото: Фото: Солтан Жексенбеков/ Kazinform

ASTANА. Кazinform — Air Astana Boeing билан 15 та узоқ масофага мўлжалланган Boeing 787-9 Dreamliner самолётларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда Фуқаро авиацияси қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Бу авиакомпания тарихидаги энг йирик буюртма: у бешта тасдиқланган самолёт, бешта опцион ва бешта сотиб олиш ҳуқуқини ўз ичига олади. Шартнома Air Astana директорлар кенгаши томонидан тасдиқланган ва ҳозирда зарур корпоратив процедуралар бажарилмоқда.

Ушбу буюртма 2026-2027 йилларда етказиб берилиши режалаштирилган учта Boeing 787-9 самолёти учун шартномани тўлдиради. Шундай қилиб, буюртманинг умумий ҳажми 18 та самолётга етди. Янги самолёт 2032-2035 йиллар оралиғида етказиб берилади. 18 та Boeing 787-9 Dreamliner самолётининг умумий қиймати, двигателлар билан бирга, 7 миллиард долларни ташкил этади.

“Air Astana кейинги ўн йилликда Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидан Осиё, Европа ва дунёнинг бошқа минтақаларига парвоз имкониятларини кенгайтириш стратегиясини изчил амалга оширмоқда. Келгуси йили биринчи Boeing 787-9 Dreamliner самолётининг етказиб берилиши компания ривожланишида янги босқични очади. Dreamliner ўзининг қулай салони, ёқилғи тежамкорлиги ва мослашувчанлиги билан ажралиб туради, бу эса уни турли йўналишларда самарали ишлатиш имконини беради. Ушбу русумдаги 18 та самолётдан иборат парк йўловчиларимизга янги даражадаги хизмат кўрсатиш ва қулайликни таклиф этади”, деди Air Astana компаниясининг бош ижрочи директори Петер Фостер.

Air Astana кўп йиллардан бери Boeing самолётларидан муваффақиятли фойдаланиб келмоқда. Компания ўз фаолиятини 2002 йилда Boeing 737-700/800 самолётлари билан бошлаган, Қозоғистон ичида ва Марказий Осиё мамлакатларига парвозларни амалга оширган. 2003 йилда Boeing 757-200 самолётлари паркга қўшилиб, Осиё ва Европа йўналишларига узоқ масофали рейсларни очди. Boeing 737 ва Boeing 757 самолётлари 2007 ва 2020 йилларда фойдаланишдан чиқарилган. 2013 йилда компания парки учта янги Boeing 767-300ER самолёти билан тўлдирилди, улар ҳозирда халқаро ва юқори талабга эга ички йўналишларда фойдаланилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Алмати ва Алатау шаҳарларида ҳаво таксилари ишга туширилади.