Африка дунёга кўп нарса таклиф қила олади - Конго Демократик Республикаси Президенти
ASTANА. Кazinform – Конго Демократик Республикаси Президенти Феликс Чисекеди Қозоғистонга илк расмий ташрифи доирасида Kazinform мухбирига эксклюзив интервью бериб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Савдо-иқтисодий алоқалар, маданий алмашинувлар ва янги технологияларни жорий этиш масалаларига тўхталди.
– Конго Демократик Республикаси ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, қайси соҳаларда - тоғ-кон саноати, энергетика, қишлоқ хўжалиги ёки янги технологияларда энг юқори натижаларга эришиш мумкин?
– Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг энг самарали йўли тўғридан-тўғри танишув ва очиқ мулоқот, деб биламан. Мен мавқедошим, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан шу мақсадда келдим.
Музокаралар якунлари бўйича ҳамкорликни дипломатик даражада бошлаш ва ўзаро ҳамкорликни босқичма-босқич кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Биринчи қадам тоғ-кон саноати соҳасида ҳамкорлик бўлди, аммо ишончим комилки, у тез орада бошқа соҳаларни ҳам қамраб олади.
Айниқса, хавфсизлик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида катта имкониятлар мавжуд. Келгусида инфратузилма, илм-фан ва рақамли технологиялар соҳаларида кенг имкониятлар очилади.
Албатта, бу соҳаларни тизимли равишда ривожлантириш керак. Маданий ҳамкорлик ҳам катта аҳамиятга эга.
Мен қозоқ халқининг бошқа маданиятларга қизиқишини сездим. Ишончим комилки, бу сифат конголикларга ҳам хосдир. Шундай экан, бу йўлда ҳамжиҳатликда олға борамиз, деб ўйлайман.
– Сизнингча, Қозоғистон ва Конго Демократик Республикаси табиий ресурсларни бошқариш, инвестицияларни жалб қилиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш соҳасида қандай тажриба алмашиши мумкин?
— Дипломатик саъй-ҳаракатлар орқали биз ўзаро алмашиш йўлларини аниқлашимиз мумкин. Бу, биринчи навбатда, божхона тўсиқлари ва солиқ юкларини камайтириш, икки томонлама солиққа тортилишнинг олдини олиш, шунингдек, инвестициялар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган солиқ ва бюджет чоралари орқали қулай ишбилармонлик муҳитини яратишни назарда тутади. Ўйлайманки, бу вазифа икки давлат экспертларининг биргаликдаги фаолияти орқали самарали савдо ва сармоявий ҳамкорлик учун асос бўладиган тизимни ишлаб чиқишни тақозо этади.
– Шиддатли глобал рақобат шароитида Марказий Осиё минтақалари билан ҳамкорликни ривожлантиришда Африканинг, жумладан, Конго Демократик Республикасининг роли қандай?
– Марказий Осиё — Африка тарихида чекланган алоқаларга эга минтақа. Мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатиш, ўзаро англашувни чуқурлаштириш биз учун биринчи даражали вазифадир. Айнан мана шундай алмашувлар, ҳамкорликнинг кучайиши негизида муштарак англашув шаклланади ва барчамизни ташвишга солаётган глобал муаммоларни биргаликда енгишимизга йўл очилади.
Африка дунёга кўп нарсаларни таклиф қила олади. Авваломбор — бу мамлакатнинг ёшлари. Африканинг асосий бойлиги унинг инсон капитали ва энг аввало ёшларидир. Биз уларни келажакдаги қийинчиликларни енгиб ўтишга ўргатиш, тарбиялаш ва тайёрлашга ҳаракат қилмоқдамиз.
Ишончим комилки, университет ва таълим соҳасидаги алмашинувлар орқали халқларимиз бир-бирига яқинлашади, яқинроқ танишади, келажак авлодлар манфаати йўлида чинакам дўстликка асосланган мустаҳкам муносабатлар ўрнатилади.
– Гуманитар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун қандай қадамлар керак деб ўйлайсиз?
– Аввало, виза режимини соддалаштириш ва ўзаро алмашинувни фаоллаштириш муҳим. Икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини очиш имкониятини ҳам кўриб чиқишимиз мумкин.
Мен таълим соҳасига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев талабаларимизга стипендиялар беришини эшитиш мен учун жуда яхши хабар бўлди. Бундай ҳамкорлик шакллари шахслараро алоқаларни мустаҳкамлайди, халқлар ва авлодларни яқинлаштиради, шунингдек, алмашинувни фаоллаштиради.
Бу муносабатларимиз муваффақиятли ривожланишининг асосий кафолати, деб ҳисоблайман.
– Қозоғистонга ташрифингиз ҳақида нима дея оласиз?
– Қозоғистон билан муносабатларимиз мустаҳкамланишини истардим. Мен қўлимдан келганини қиламан. Мен учун Қозоғистон кўп қийинчиликларни енгиб ўтган ва Африка давлатлари учун ўрнак бўла оладиган давлат.
Океанга тўғридан-тўғри чиқиш имкони бўлмаган, фақат Каспий денгизига чиқиш имкони бўлган Қозоғистоннинг катта муваффақияти мени айниқса ҳайратда қолдирди. Бугунги кунда Қозоғистон Марказий Осиёдаги асосий марказга айланди. Бу бизни ҳам илҳомлантирадиган мисолдир. Шу боис Қозоғистонга яқинлашишни истайман. Бу менинг самимий ниятим ва мен Конго Республикаси Президенти сифатидаги фаолиятим давомида буни амалга оширишга умид қиламан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Конго Демократик Республикаси Президенти Феликс Чисекеди кичик таркиб музокаралар ўтказган эди.
Давлат раҳбари Қозоғистон ва Конго ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, икки халқлар ўртасидаги дўстликни ривожлантириш, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қўшган ҳиссаси учун Феликс Чисекедини I даражали “Достық” ордени билан мукофотлашга қарор қилганини айтди.