“Әділет” партиясининг қурултойи: ташкилотни ривожлантириш ва ҳудудий тармоқни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди

ASTANA. Kazinform — Астанада “Әділет” партиясининг II қурултойи бўлиб ўтди. Унда ташкилотни ривожлантириш ва ҳудудий тузилмани кенгайтириш билан боғлиқ бир қатор муҳим масалалар муҳокама этилди.

Фото: Ағыбай Аяпбергенов/ Kazinform

Қурултой арафасида бўлиб ўтган стратегик сессияда делегатлар партиянинг келгуси давр учун устувор йўналишларини муҳокама қилдилар ва ташкилотнинг институционал ривожланиши бўйича таклифларини кўриб чиқдилар.

Қурултойда сўзга чиққан партия раиси Айбек Дадебай Қозоғистон ривожланишнинг янги босқичига қадам қўйганини таъкидлаб, сиёсий кучлар жамият билан яқиндан ҳамкорлик қилиши ва фуқароларнинг талабларига тезкорлик билан жавоб бериши муҳимлигини айтди.

Фото: Агибай Аяпбергенов/ Kazinform

“Биз Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Адолатли Қозоғистонни яратиш йўналишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва уни давлатни узоқ муддатли мустаҳкамлашнинг стратегик йўналиши деб биламиз. Бироқ, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш нафақат давлат қарорларига боғлиқ. Бу жамиятнинг ўзгаришларда иштирок этишга тайёрлиги ва сиёсий кучларнинг масъулиятли ҳаракатлари билан ўлчанади. “Әділет” партияси ташкил этилганидан бери “адолатсиз барқарор ривожланиш бўлмайди” деган тамойилга амал қилиб келади. Адолатли қоидалар бўлган жойда ишонч яратилади, ишонч бўлган жойда инвестициялар келади, тадбиркорлик ривожланади ва фуқаролик фаоллиги ошади”, — деди Айбек Дадебай.

Қурултойнинг асосий қарорларидан бири мамлакатнинг барча ҳудудларида партия бўлимларини яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўлди. Делегатлар бу қадам ташкилотнинг маҳаллий даражада ишини кучайтиришини ва фуқаролар билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш имконини беришини таъкидладилар.

Партия Сиёсий кенгаши аъзоси Бўрихон Нурмухамедов ҳудудий тузилманинг ролига тўхталиб, партиянинг келажаги биринчи навбатда маҳаллий ҳудудлардаги самарали ишларга боғлиқлигини айтди.

“Партиянинг тақдири ҳудудларда ҳал этилади. Фуқароларнинг ишончи ҳам шу ерда шаклланади. Шунинг учун ҳудудий бўлимлар шунчаки расмий тузилма эмас, балки жамият билан кундалик мулоқот қилиш учун ҳақиқий ишчи платформа бўлиши керак”, - деди у.

Қурултойда шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш, таълим соҳасини такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама этилди.