ADCB Kazakhstan Қозоғистондаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини 3 баравар оширмоқчи

ASTANA. Kazinform — ADCB Kazakhstan келгуси бир ярим йил давомида Қозоғистондаги лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмини ҳозирги 2,5 трлн тенгедан 3 баравар оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов Abu Dhabi Commercial Bank Kazakhstan (ADCB) директорлар кенгаши раиси Фарух Ал Марзукий билан учрашувда маълум қилди.

Фото: Үкімет

Учрашув давомида ADCB Groupнинг мамлакат учун муҳим бўлган лойиҳаларни амалга оширишдаги иштирокини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш ва рақамли инфратузилмани модернизация қилиш белгиланди.

Abu Dhabi Commercial Bank — Бирлашган Араб Амирликларидаги энг йирик банклардан бири. Банк халқаро инвестиция даражасидаги кредит рейтингларига эга.

Учрашув давомида Қозоғистонда инвестициявий жозибадорликни оширишга хизмат қилаётган кенг кўламли иқтисодий ва институционал ислоҳотларнинг аҳамияти таъкидланди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига биноан, янги инвестиция цикли ишга туширилди ва инвесторларни жалб этиш жараёнига проактив тус берилди.

Бош вазир Бирлашган Араб Амирликларининг Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини қайд этди. Сўнгги 20 йилда Қозоғистонга Амирликлардан киритилган инвестициялар ҳажми 7 млрд доллардан ошди. Унинг қарийб 3 млрд доллари сўнгги 2,5 йилда киритилган.

ADCB Groupнинг БАА ва Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларидан инвесторларни жалб этиш бўйича ишларга жалб этилиши Қозоғистондаги лойиҳаларни ташқи молиялаштириш манбаларини кенгайтириш ва диверсификация қилиш имконини беради.

Ўз навбатида, Фарух Ал Марзукий Қозоғистон билан энергетика, темир йўл инфратузилмаси лойиҳаларини молиялаштириш, нефть-кимё, транспорт ва логистика соҳаларидаги келишувларни амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик самарали кечаётганини таъкидлади.

Сўнгги 15 йил давомида ADCB Kazakhstan 100 дан ортиқ бизнес ташаббусини молиявий қўллаб-қувватлади. Уларнинг 90 фоизини кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари ташкил этади.

Учрашув якунида иштирокчилар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.