Бош вазир ўринбосарининг айтишича, 9 ой давомида мамлакат иқтисодиёти ўсишининг асосий омилларидан бири қайта ишлаш саноати бўлди. Бу соҳада ишлаб чиқариш ҳажми 8,6 фоизга ошди. Бу январь–август ойларидаги кўрсаткичдан 0,2 фоиз бандга юқори.
“Қайта ишлаш саноатидаги ўсиш машинасозлик ишлаб чиқаришининг 22,8 фоизга, жумладан, автомобиль ишлаб чиқаришнинг 29,9 фоизга ва электр ускуналари ишлаб чиқаришнинг 20,7 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,8 фоизга, тайёр металл буюмлари ишлаб чиқариш 34,8 фоизга, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш 30,9 фоизга, кимё саноати 23,4 фоизга, резина ва пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш 18,1 фоизга, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш эса 5,9 фоизга ошди. Металлургия соҳасининг физик ҳажм индекси январь–август ойларидаги 97,3 фоиздан 98,2 фоизгача кўтарилди. Шу билан бирга, қора металлургияда ўсиш ижобий ҳудудда мустаҳкамланиб, 2,8 фоизни ташкил этди”, — деди у.
Унинг таъкидлашича, ижобий ўсиш суръатига эришиш учун тоғ-кон металлургия мажмуасидаги йирик маҳаллий корхоналарни хомашё билан таъминлаш ва уларнинг ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқроқ фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.
Иқтисодий ўсишни фаол қўллаб-қувватлаш сиёсати давом этмоқда.
“Устувор тармоқларни молиялаштириш учун бюджетдан «Байтерек» холдингига 540 миллиард тенге ажратилди. Холдинг бозордан молиялаштириш маблағларини жалб этиш орқали умумий қиймати 6 триллион тенгега тенг лойиҳаларни молиялаштирди”, — деди Бош вазир ўринбосари.
Шу муносабат билан Серик Жуманғарин холдинг томонидан қуйидаги асосий лойиҳалар молиялаштирилганини таъкидлади:
- калийли ўғитлар ишлаб чиқариш заводини қуриш;
- азотли ўғитлар ишлаб чиқариш заводини қуриш;
- алюминий рулонлари ишлаб чиқариш заводини барпо этиш;
- донни комплекс қайта ишлаш заводини қуриш;
- ғишт заводини қуриш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг дастлабки 9 ойи якунларига кўра, мамлакат иқтисодиёти 4,2 фоизга ўсгани ҳақида хабар берилган эди.