54 мамлакатдаги Қозоғистон фуқаролари референдум куни овоз беришлари мумкин

Фото: Фото: ҚР ТИВ

ASTANА. Кazinform – Хорижий мамлакатларда 71 та сайлов участкаси очилди. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлигининг Алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Ерлан Алимбаев маълум қилди.

– Яқин Шарқдаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг кескинлашиши ва бир қатор мамлакатларда хавфсизликнинг паст даражасини ҳисобга олган ҳолда, 10 мамлакатда сайлов участкалари ишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундай қилиб, референдум куни Қозоғистон Республикасининг 54 мамлакатдаги хориждаги ваколатхоналари қошида 71 та сайлов участкаси фаолият юритади, — деди Е. Алимбаев.

У шунингдек, чет элда овоз берувчи Қозоғистон фуқаролари сони 14 230 кишини ташкил этишини таъкидлади.

– Чет элда референдум комиссиялари тузилган. Уларнинг барча аъзолари “Республика референдуми тўғрисида”ги ҚР Конституциявий қонуни ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эҳтиёжларини билиш бўйича махсус тестдан ўтдилар. Сертификатлар берилди. Чет элда референдум ўтказиш тартиби бўйича онлайн ўқув семинари бўлиб ўтди. Шундай қилиб, барча участка комиссиялари тайёр деб айтишимиз мумкин, — деди Ташқи ишлар вазирлигининг Алоҳида топшириқлар бўйича элчиси.

Шу билан бирга, у референдум бўйича материаллар, референдум қутилари ва бюллетенлар ҳақидаги ахборот материаллари бугун ёки эртага хориждаги комиссияларга юборилишини айтди.

Бундан ташқари, Е.Алимбаев 31 хорижий давлатдан 68 та оммавий ахборот воситаларининг 185 нафар ходими референдум куни ахборот тарқатишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, республика референдумида қатнашиш учун 359 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтгани ҳақида хабар берган эдик.