FIFA маълумотларига кўра, бўлажак мундиалда 40 ёшдан ошган футболчилар сони олдинги 22 та Жаҳон чемпионатидаги умумий кўрсаткичдан ҳам кўп бўлади.
Энг машҳур ветеранлар орасида - Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду ҳам бор, у ҳозир 41 ёшда. У чемпионатнинг энг кекса футболчиси бўлади.
Шунингдек, турнирда Мексика терма жамоасининг 40 ёшли дарвозабони Гильермо Очоа ҳамда турнир вақтида 39 ёшга тўладиган Лионель Месси иштирок этиши кутилмоқда.
Роналду ва Очоа учун 2026 йилги Жаҳон чемпионати карьерасидаги олтинчи мундиал бўлиши мумкин. Шу тариқа улар мундиалларда иштирок этиш сони бўйича рекордни такрорлайди.
Айни вақтда турнирнинг энг кекса футболчиси 43 ёшли Шотландия терма жамоаси дарвозабони Крейг Гордон бўлади. Жаҳон чемпионатлари тарихида ундан катта ёшда фақат мисрлик футболчи Эсам ал-Ҳадари бўлган, у 2018 йилги ЧМда 45 ёшида ўйнаган.
Турнирда иштирок этиши мумкин бўлган 40 ёшли футболчилар рўйхатига Германия терма жамоаси дарвозабони Мануэль Нойер (40 ёш), Хорватия ярим ҳимоячиси Лука Модрич, Кабо-Верде терма жамоаси дарвозабони Возинья ва Уругвай дарвозабони Фернандо Муслера ҳам киради. Муслера турнир бошида 40 ёшга тўлади.
Шу тариқа, бир вақтнинг ўзида саккиз нафар 40 ёшдан ошган футболчи жаҳон чемпионати майдонига чиқиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ушбу турнир FIFA тарихидаги энг йириги бўлади. Унда 48 та мамлакатдан 1248 нафар футболчи иштирок этиши кутилмоқда. Мусобақа 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.