Мутахассисларнинг фикрига кўра, Ўрта ер денгизи ҳарорати август ойи давомида деярли ҳар куни рекордларни янгиламоқда. Аввалроқ Mercator Ocean International ташкилоти июль ойи Ўрта ер денгизи тарихидаги энг иссиқ ой бўлганини хабар қилган эди. Ўша пайтда сувнинг ўртача ҳарорати 27,07 даражага етди, бу 2025 йил июль ойида ўрнатилган 26,68 даража рекорддан ошиб кетди.
Ўрта ер денгизидаги ғайритабиий исиш бир неча ойлардан бери давом этмоқда. Фақат июнь ойида сув ҳарорати меъёрдан 2,6 даража юқори эди. Ўша пайтда денгиз ҳарорати одатда фақат август ойининг иккинчи ярмида кузатиладиган даражага етди.
Бу ҳодиса Ўрта ер денгизига хос эмас. Жорий йилнинг июль ойида глобал океан юзасининг ўртача ҳарорати 21 даража Цельсийга етди, бу — тарихдаги энг юқори кўрсаткич. Ўрта ер денгизининг 27 фоизида июль 1993 йилдан бери энг иссиқ ой бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, рекорд даражадаги денгиз ҳарорати қуруқликдаги иссиқликнинг бевосита сабаби деб ҳисобланмайди. Бироқ, илиқ сув қирғоқбўйи ҳаво ҳароратига таъсир қилади: денгиз қуруқликка қараганда иссиқликни секинроқ йўқотгани сабабли, у тунги совутишни секинлаштиради, намликни оширади ва қирғоқдаги иссиқ тунларга ҳисса қўшади.
Денгиздаги узоқ муддатли иссиқлик ҳам экотизимларга таҳдид солади. Ҳароратнинг кўтарилиши маълум шароитларга мослашган денгиз организмларини стрессга солиши, баъзи турларнинг ареалини ўзгартириши ва уларнинг ўлимини ошириши мумкин.
13 августдаги янги кўрсаткичлар Ўрта ер денгизи бир неча ҳафта олдин ўрнатилган рекорддан яна бир бор ошиб кетганини кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, дунё океани ҳарорати мониторинг тарихидаги рекордни янгилади.