Кирларни илгакка иладиган лабрадор
АҚШда яшовчи Джава лақабли қора лабрадор ғайриоддий қобилияти билан ажралиб туради. У кирларни махсус қисқичлар ёрдамида арқонга ила олади.
21 мартда Миссури штатидаги Канзас-Сити шаҳрида Джава атиги бир дақиқа ичида кир осиш арқонига саккизта қисқични маҳкамлади. Бунинг учун у ҳар бир қисқични тишлаб олиши, уни очиши, арқонга тўғри жойлаштириши ва тушириб юбормасдан қўйиб юбориши керак эди.
Итнинг эгаси Лиза Рикардс кўп йиллардан бери ҳайвонларни ўргатиш билан шуғулланади. Қизиғи шундаки, Джаванинг онаси ва бувиси ҳам ёрдамчи итлар сифатида тайёргарликдан ўтган.
Деярли 6 минг жуфт пайпоқ кир ювиш машиналарига ташланди
Англиядаги Chorley FC футбол клуби ва Currys электроника дўконлари тармоғи ғайриоддий жаҳон рекордини ўрнатишга қарор қилди. 19 июлда футбол майдонида 21 та кир ювиш машинаси қаторлаштирилди ва иштирокчиларга ўралган пайпоқ жуфтларини уларнинг ичига тушириш таклиф этилди.
Бир соат давомида иштирокчилар машиналарга 5 956 жуфт пайпоқни жойлаштиришга муваффақ бўлди. Шу тариқа улар Guinness World Records рекордини расман янгилади.
Ғайриоддий мусобақа хайрия мақсадини ҳам кўзлаган. Ташкилотчилар Даун синдромига чалинган инсонлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватловчи маҳаллий ташкилот учун маблағ тўплади.
24 сонияда иккита ўйин зарлари минораси
12 августда Лау Лонг Тинг ҳар бирида ўнтадан ўйин зарлари бўлган иккита минорани атиги 24,52 сонияда қурди. Бунда у чўплардан икки қўлида бир вақтнинг ўзида фойдаланди.
Тахминан 30 ёшли ўқитувчи ўз ўқувчиларига қатъият, ижодий ёндашув ва севган ишига бўлган қизиқиш ғайриоддий натижаларга олиб келишини кўрсатмоқчи бўлган.
Эркак 75 дақиқа қўлларида тик турди
Кўпчилик учун қўлларда тик туришни ҳатто бир неча сония давомида сақлаб туриш ҳам қийин. Бироқ колумбиялик спортчи Нестор Сантьяго Гонсалес Валеро бу ҳолатда бир соатдан ортиқ туришга муваффақ бўлди.
2 августда Богота шаҳридаги рекорд ўрнатиш жараёнида у 1 соат 15 дақиқа 13 сония давомида қўлларида тик турди.
Мувозанатни сақлаш учун спортчи вақти-вақти билан тана оғирлигини бир қўлига ўтказиб турди. Унинг натижаси аввалги рекорддан 5 дақиқа 10 сонияга юқори бўлди.
Динозавр костюмидаги 804 нафар инсон
28 августда Юта штатидаги Вернал шаҳри кўчаларида тираннозаврдан тортиб трицератопсгача бўлган динозаврлар костюмини кийган 804 нафар инсон тўпланди.
Шу тариқа динозавр костюмидаги одамларнинг энг оммавий йиғилиши бўйича янги жаҳон рекорди ўрнатилди.
2025 йилда ҳам шаҳар аҳолиси шунга ўхшаш рекордни ўрнатишга уринган, бироқ унда ташкилотчилар зарур иштирокчилар сонини тўплай олмаган эди. Бу сафар эса улар яна бир бор уриниб кўриб, мақсадларига эришди.
Тадбир хайрия мақсадини ҳам кўзлаган. Барча 804 нафар «динозавр» бир вақтнинг ўзида баланд овозда ҳайқириб, онкологик касалликларга қарши курашаётган инсонларни қўллаб-қувватлади.
Дэвид Аттенборо портрети қовоқ ва ошқовоқлардан яратилди
Британиялик оила дунёнинг энг машҳур табиатшуносларидан бири таваллудининг 100 йиллигини ўзига хос тарзда нишонлашга қарор қилди. Улар 11 минг дона қовоқ ва ошқовоқдан унинг портретини яратди.
Sunnyfields фермер хўжалигида Нельсонлар оиласи Дэвид Аттенборонинг қурбақа билан тушган улкан тасвирини яратди. Мозаикани тайёрлашда турли табиий ранг ва тусдаги сабзавотлардан фойдаланилди.
Композиция майдони 218,19 квадрат метрни ташкил этди. 22 сентябрда ушбу ютуқ Гиннеснинг рекордлар китобига расман киритилди.
Бу оиланинг бундай йўналишдаги илк иши эмас. Аввалроқ Нельсонлар қовоқлардан рок мусиқаси афсонаси Оззи Осборннинг улкан портретини ҳам яратган эди.
Бир дақиқада 48 та мармелад айиқчасини еди: америкалик ветеринар рекорди
Болалик орзуси ва мармелад айиқчаларига бўлган муҳаббат 38 ёшли америкалик ветеринар Мэттью Пауэрсга жаҳон рекордини ўрнатишга ёрдам берди.
4 апрелда Массачусетс штатидаги Норуэлл шаҳрида у фақат коктейль учун мўлжалланган махсус таёқчадан фойдаланган ҳолда бир дақиқада 48 та мармелад айиқчасини еди.
Шу тариқа у 2024 йилда австриялик Вольфганг Шварц ўрнатган аввалги рекордни бирданига 10 тага янгилади.
Синовга тайёргарлик фақат ширинликларга бўлган муҳаббатнинг ўзи билан чекланмади. Пауэрс қайси ширинликларни тезроқ ва қулайроқ ейиш мумкинлигини аниқлаш учун турли ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ва таъмларини синаб кўрди. Охир-оқибат Albanese бренди маҳсулотларини танлади ва охирги ўнта айиқчани ейиш тезлигини алоҳида машқ қилди.
Машғулотлар давомида унинг энг яхши натижаси атиги 36 тани ташкил этган. Бироқ расмий уриниш кунида у 48 та ширинликни ейишга муваффақ бўлди.
Пауэрс болалигидан Гиннеснинг рекордлар китобига киришни орзу қилган. Уни ютуғи билан биринчилардан бўлиб уч нафар ўғли табриклади.
Оғирлиги 1,4 тоннадан ортиқ бўлган Хэллоуин қовоғи
АҚШда Хэллоуин байрами учун етиштирилган қовоқ шу қадар улкан бўлдики, ундан анъанавий байрам чироғи ясалганидан кейин ҳам деярли ўз оғирлигини йўқотмади.
Улкан сабзавотни Род-Айленд штатидаги фермер Рон Уоллес етиштирган. У қовоқларни танловлар учун махсус етиштириш билан шуғулланади. Аввалги рекорд эгаси Трэвис Гинжер раҳбарлигидаги уч нафар уста қовоқдан анъанавий Хэллоуин чироғи — «Жек-фонар» ясади.
27 октябрда Массачусетс штатидаги Салем шаҳрида қовоқнинг оғирлиги расман 1 431,5 килограмм ёки 3 156 фунт экани қайд этилди.
Рекорд Raising Cane's ресторанлар тармоғи асосчиси Тодд Грейвс номига расмийлаштирилди. Бу Хэллоуин байрамига тўрт кун қолганда содир бўлди.
Қозоғистон 2 415 нафар иштирокчи билан сунъий интеллект агентларини яратиш бўйича рекорд ўрнатди
Айрим иштирокчилар қовоқ, динозаврлар ва ширинликлар ёрдамида рекорд ўрнатган бир пайтда, Қозоғистон сунъий интеллект соҳасидаги ютуғи билан тарихга кирди.
23 сентябрда Астана шаҳрида 21 мамлакат ва 129 та университетдан 2 415 нафар иштирокчини бирлаштирган HackAlem AI хакатони бўлиб ўтди.
Улар олдига сунъий интеллект агентларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Бундай агентлар турли даражадаги мустақиллик билан вазифаларни бажариш ва қарорлар қабул қилишга қодир дастурий тизимлар ҳисобланади.
Тадбир агентли сунъий интеллектга бағишланган энг оммавий хакатон сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди.
Қозоғистон 2025 йил декабрь ойида Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида тўпланган 2 089 нафар иштирокчи натижасидан ўзиб кетди.
Робот Рубик кубигини 9,8 сонияда йиғди
Янги Зеландиялик тўрт нафар муҳандис Рубик кубигининг 4×4×4 ўлчамдаги турини мисли кўрилмаган тезликда йиғишга қодир роботни яратиш учун бир йил вақт сарфлади.
Хейден Уотсон, Йохан Торрес, Маз Кэмерон ва Калеб Эверитт ўз қурилмаларини кубик томонларидаги рангларни аниқлаш учун тўртта камера ҳамда унинг қатламларини айлантирадиган дронлар учун мўлжалланган юқори тезликдаги моторлар билан жиҳозлади.
16 октябрда Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида робот бошқотирмани атиги 9,8 сонияда йиғди. Ушбу ютуқ жамоага Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олиш имконини берди.