“Давлат раҳбари ўз Мурожаатномасида мамлакатда маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги корхоналар очиш ва саноат салоҳиятини ошириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди. Шу муносабат билан саноат соҳасида барқарор ўсишни сақлаб қолиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш муҳим аҳамиятга эга. Ўн ой якунларига кўра, ишлаб чиқариш ҳажми 9,3 фоизга ўсиб, ижобий динамикани кўрсатди. Соҳани ривожлантиришга туртки берадиган муҳим йўналишлардан бири — умумий инвестиция ҳажми 1,7 триллион тенгедан ортиқ бўлган 200 та янги лойиҳани ишга туширишдир”, — деди вазир.
Ерсайин Нағаспаевнинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 17 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Шундан 5,5 мингтаси қишлоқ жойларда ташкил этилади. Лойиҳалар тўлиқ қувватда ишлай бошлаганидан сўнг, ҳар йили қарийб 1,5 триллион тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, унинг 500 миллиард тенгелик қисми экспортга йўналтирилади.
Йил бошидан буён умумий инвестиция ҳажми 900 миллиард тенгени ташкил этган 125 та лойиҳа ишга туширилди. Қолган лойиҳалар эса якунланиш арафасида бўлиб, ишга туширишга тайёрланмоқда.
“Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳалар Қозоғистонда аввал ишлаб чиқарилмаган янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш имконини беради. Улар қаторига темир йўл бандажлари, ғилдираклар, пресслаш ускуналари, ламинат, томчилатиб суғориш тизимлари ва қаҳва машиналари учун алюминий капсулалар киради. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини аниқ ишлаб чиқаришга йўналтиришда Қозоғистон товар ишлаб чиқарувчиларининг рақамли реестри муҳим ўрин тутади”, — деди у.
Вазирнинг маълум қилишича, бугунги кунда реестрда 50 мингдан ортиқ ариза кўриб чиқилган, қарийб 2,6 мингта маҳаллий ишлаб чиқарувчи ҳамда уларнинг 72 минг турдаги маҳсулоти рўйхатга олинган. Реестрнинг асосий харид майдончалари билан интеграция қилиниши натижасида йил бошидан буён 94 мингта харид жараёнида маҳаллий маҳсулотларга устуворлик берилди. Шунингдек, маҳсулотнинг ҳақиқатан ҳам мамлакатда ишлаб чиқарилганини тасдиқлаш ва назорат қилиш механизмлари такомиллаштирилмоқда.
“Бу мақсадда ишлаб чиқаришни рақамли текшириш ва маҳаллийлаштиришга қўйиладиган талаблар кучайтирилади. Шунингдек, корхоналар фаолиятини таҳлил қилиш учун сунъий интеллектдан, ишлаб чиқариш қувватларининг юкланиш даражасини назорат қилиш учун эса рақамли дашборддан фойдаланиш режалаштирилган”, — деди Ерсайин Нағаспаев.