12 миллиард доллар сармоя жалб қилинади – ҚР Президенти «QazaqGaz» раҳбарини қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари «QazaqGaz» МК» АЖ бошқаруви раиси Санжар Жаркешовни қабул қилди. Президентга миллий компаниянинг ўтган йилги фаолияти тўғрисида ҳисобот берилди ва келгуси давр учун режа тақдим этилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.
Қасим-Жомарт Тоқаевга кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, Қашаған газини қайта ишлашнинг янги йўналишлари, шунингдек, газ саноатига 12 миллиард долларлик инвестицияларни жалб қилиш масаласи ҳақида маълумот берилди.
Санжар Жаркешовнинг айтишича, «QazaqGaz» компаниялар гуруҳи ҳудудларни ривожлантириш учун ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга йирик газ қувурларини қуриб, ишга туширган. Уларнинг қиймати 400 миллиард тенгедан ошади.
Давлат раҳбарига мамлакатдаги газ таъминоти ҳақида маълумот берилди. Хусусан, 11 та ҳудуддаги 112 аҳоли пункти газга уланди. Натижада қўшимча 213 минг аҳоли табиий газ билан таъминланди. Ўтган йили компания ички бозорда газ нархини субсидиялаш учун 175 миллиард тенге ажратди. Шу билан бирга, «QazaqGaz» АЖ табиий газни экспорт қилиш ва ташиш бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда.
Бундан ташқари, Президентга янги “Анабай” газ кони ишга туширилиши, газ-ресурс базасини ривожлантириш ҳақида маълумот берилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли мамлакат ички бозорига газ етказиб бериш ҳажми 19 фоизга ошди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга берган маълумотларига кўра, миллий компания ички бозор талабини тўлиқ қондириб, об-ҳаво совуқлашганда ва газ ташиш тизими ҳаддан ташқари юкланганда аҳолини кўк ёқилғи билан узлуксиз таъминлаган.
Йиғилиш якунида Давлат раҳбари газ саноатини ҳар томонлама ривожлантириш, жумладан, ички бозорни газ билан барқарор қоплаш, ресурс базасини кенгайтириш, қайд этилган долзарб муаммоларни ҳал этиш, саноат ва унинг инвестицион жозибадорлигини оширишга қаратилган қатор вазифаларни берди.