1 млн тенгегача грант ва стипендия: 220 нафар қозоғистонлик таҳсил олиш учун қўллаб-қувватланди

ASTANA. Kazinform - Янги ўқув йилида 220 нафар абитуриент «Қазақстан халқына» жамоат фондининг таълим грантларига эга бўлди. Уларнинг ўқиш харажатлари йилига 1 миллион тенгегача қопланади, шунингдек, ҳар ой 60 минг тенге миқдорида стипендия тўлаб борилади, деб хабар беради Kazinform агентлиги «Қазақстан халқына» фонди матбуот хизматига таяниб.

Фото: Gov.kz

Фонд маълум қилишича, 2022 йилдан буён «Қазақстан халқына» таълим грантларига 4,5 мингдан ортиқ ёш қозоғистонлик эга бўлган.

“2026-2027 ўқув йилида мамлакатдаги 38 та олий ва олий таълимдан кейинги таълим ташкилотининг яна 220 нафар абитуриенти «Қазақстан халқына» жамоат фондининг таълим грантларини қўлга киритди”, — деб маълум қилди Фонд.

Жорий ўқув йилида грантлар абитуриентларнинг уч тоифаси ўртасида тақсимланди:

60 та грант — қишлоқ жойлари, кичик ва моношаҳарларда яшовчи етим болалар ҳамда вояга етгунига қадар ота-она қарамоғисиз қолган болалар учун;

53 та грант — қишлоқ жойлари, кичик ва моношаҳарларда яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар учун;

107 та грант — қишлоқ жойлари, кичик ва моношаҳарларда 18 ёшгача ногиронлиги бўлган фарзандларни тарбиялаётган оилалар вакиллари учун.

Таълим грантларини тақдим этиш тўғрисидаги қарор «Қазақстан халқына» жамоат фондининг таълим грантларини тақдим этиш концепцияси ва 2026 йил учун абитуриентларни саралаш моделига мувофиқ қабул қилинган. Ушбу ҳужжатлар Фонд Васийлик кенгашининг 2026 йил 22 июндаги 105-сонли қарори билан тасдиқланган. Саралаш натижаларига кўра, грантлар берилган абитуриентлар рўйхати Фонд Бошқарувининг 2026 йил 9 сентябрдаги 34-сонли қарори билан тасдиқланган.

Фонд бир академик ўқув йили учун 1 миллион тенгегача бўлган таълим харажатларини қоплайди. Шунингдек, ўқув йили давомида 10 ой мобайнида ҳар ой 60 минг тенге миқдорида стипендия тўлаб боради. Стипендия миқдори аввалги йилларга нисбатан 1,5 баробарга, яъни 40 минг тенгеден 60 минг тенгегача оширилди.

Дастур амалга оширила бошланган 2022 йилдан буён «Қазақстан халқына» фондининг таълим грантларини жами 4 511 нафар ёш қозоғистонлик олган. Ўтган ўқув йилида 721 нафар битирувчи таҳсилни якунлаб, талаб юқори бўлган касбни эгаллаш ва ўзининг касбий фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, таълим грантлари дастури Фонд томонидан 2022 йилдан буён амалга ошириб келинади. Дастур қишлоқ жойлари, кичик ва моношаҳарларда яшовчи ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.