Жаҳон банки Ўзбекистонда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар кредит ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистонда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун 800 миллион доллар кредит ажратади
Фото: UzA

Жаҳон банки матбуот хизматининг хабар беришича, Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича операцияни маъқуллади, деб хабар беради Kazinform Ўзбекистоннинг UzA агентлигига таяниб.

Ушбу турдаги операция Жаҳон банкининг дунёнинг турли мамлакатларида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган махсус молиявий воситаси ҳисобланади.

Операция доирасида мамлакат ҳукуматига ижтимоий, иқтисодий ва иқлим ўзгариши соҳаларидаги ислоҳотларнинг янги босқичини амалга ошириш учун молиявий ёрдам кўрсатилади.

Жаҳон банкининг янги операцияси қишлоқ хўжалиги, темир йўл, кимё саноати ва энергетика каби муҳим тармоқларда давлат назоратини камайтиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Кўриладиган чора-тадбирлар хусусий секторнинг ушбу тармоқларни ривожлантиришда янада фаол иштирок этиши учун имконият яратади.

Шунингдек, ушбу операция аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга ҳамда иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга ёрдам беради.

Операция доирасида Жаҳон банки ҳукуматга махсус имтиёзли шартлар асосида 800 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар шаклида молиявий ёрдам беради. Ушбу маблағлар ҳукуматга халқаро молия бозорларида ҳозирги кунда мавжуд бўлган қарз олиш имкониятларига нисбатан пастроқ фоиз ставкасида ва узоқроқ муддатга тақдим этилади. Натижада Ўзбекистон учун кредит маблағларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар сезиларли даражада камаяди.

Сўнгги хабарлар
telegram