12:55, 17 Ноябрь 2021 | GMT +5
Ўзбекистонлик каратэчиси тарихда илк бор жаҳон чемпионатининг финалига йўл олди
TASHKENT. Kazinform - 16 ноябр куни Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида каратэ бўйича бошланган жаҳон чемпионати баҳслари ўзбекистонлик спортчилар учун омадли бошланди, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.
Ўзбекистонлик Достонбек Отаболаев 75 килограмм вазн тоифасидаги барча жангларни муваффақиятли ўтказиб, ярим финалда АҚШ вакили Томас Скоттни мағлуб этди ва финалга чиқди.
Жаҳон чемпионати дастурига биноан 20 ноябр куни Достонбек Отаболаев мисрлик Абдулалзиз Абдулла Мамду билан олтин медаль учун жанг қилади.
Маълум қилинишича, олимпия спорт турлари таркибига киритилган каратэ WКF йўналишида ўзбекистонлик спортчи тарихда илк бор расмий жаҳон чемпионатининг финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Чемпионат низомига кўра, мусобақанинг барча вазнларидаги саралаш ва ярим финал беллашувлари 16-19 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Мусобақанинг финал баҳслари эса 20-21 ноябрь кунларига белгиланган.