Ўзбекистонда туркийзабон ёшларнинг халқаро фестивали бўлиб ўтади

Халқаро тадбир ёш авлоднинг халқлар тарихи ва миллий-маданий меросига меҳрини ошириш, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан туризм соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, муштарак турк маданиятини дунё миқёсида биргаликда тарғиб этишга қаратилган. Шунингдек, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни туризм соҳасига кенг жалб этиш, ёшларнинг туризм соҳасидаги истиқболли ғоя ва лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Халқаро анжуманда Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Туркия ва Озарбайжондан кўплаб ёшлар иштирок этади.
Фестиваль доирасида юқори натижаларга эришаётган, ёшларга ўрнак бўлаётган фан намояндалари, тадбиркорлар, спорт усталари ва ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари, миллий ва этник спорт турлари бўйича спорт мусобақалари, кўргазмалар, таниқли театр ва кино арбоблари иштирокида ижодий ишлар, суҳбатлар ва бошқа маданий-кўнгилочар тадбирлар режалаштирилган.