Ўзбекистонда илк йирик қувватли шамол турбинаси ўрнатилди

None
Фото: UzA
TASHKENT. UzA-Kazinform – ЎР Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Навоий вилояти Томди туманида 500 мегаватт қувватли шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида «Goldwind» компаниясининг (ХХР) биринчи 4,7 мегаваттли турбинаси ўрнатилди, дея хабар беради Kazinform UzA агентлигига таяниб.

Турбинанинг баландлиги 97 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 77 метрни ташкил этади.

Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси томонидан амалга оширилаётган ушбу йирик лойиҳа доирасида жами 111 та шамол турбинаси ўрнатилади.

Мазкур электр станциянинг илк қувватлари жорий йил якунида ишга туширилади ва у Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлиб ҳисобланади.

Станция тўлиқ ишга туширилгач, йилига 1 миллиард 800 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 540 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 720 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.