10:01, 31 Июль 2023 | GMT +5
Ўзбекистонда халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди
TASHKENT. UzA-Kazinform - 30 июль – Халқлар дўстлиги куни Жиззах вилоятида кенг нишонланди. Барча туман марказлари, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтган икки кун давомида «Қудратимиз – дўстлигимизда» шиори остида дўстлик фестиваллари, маданий-маърифий, бадиий тадбирлар ўтказилди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Жумладан, Жиззах шаҳрида «Қардош дўстим, келажак биз ёшлар қўлида» шиори остида ўтган халқаро ёшлар фестивалида ўзбек, қозоқ, рус, қирғиз, тожик ва бошқа миллат вакилларининг иқтидорли эстрада хонандалари ижросида концерт дастури намойиш этилиб, унда ўзбек ва қардош халқлар тилларида Ватан, дўстлик, севги ва садоқатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ғаллаорол тумани Маржонбулоқ шаҳарчасида «Ўзбекистон – қардош халқлар қадр топган юрт» номли тадбирда ўқувчи-ёшлар томонидан рус, татар, тожик ва қирғиз миллати вакилларининг маданий ва бадиий-мусиқий чиқишлари намойиш этилди.