Ўзбекистонда “Дунё садолари” халқаро эстрада санъати фестивали бошланди

None
Фото: ЎзА
TASHKENT. Kazinform - Куни кеча Андижон вилоятининг сўлим Хонобод шаҳрида «Дунё садолари» халқаро миллий эстрада санъати фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назирбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, фестиваль қатнашчи ва меҳмонларини қутлади.

Ўзбекистон санъати, ўзига хос миллий қадрият ва анъаналарини, шунингдек, туризм салоҳияти ва имкониятларини намойиш этаётган мазкур фестивалда нафақат мамлакат санъаткорлари, балки дунёдаги 20 дан ортиқ давлатларнинг эстрада санъати гуруҳлари, хонандалари иштирок этаётгани айтиб ўтилди.

Фестиваль очилиш маросими бадиий дастурини «Ўзбегим» карнай-сурнай гуруҳи мусиқий композицияси ҳамда Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамбли раққосалари ўзларининг жозибадор рақслари билан бошлаб берди.

Халқаро танловлар совриндори Сабина Мустаева, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров ижросидаги шўх қўшиқлар барчага манзур бўлди.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бадиий жамоалари, эстрада хонандаларининг чиқишларини томашабинлар олқишлар билан қарши олди. Фестиваль очилишидаги гўзал тароналар барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.

Фестивалнинг очилиш тадбири якунида иштирокчилар дунёга машҳур «Доктор Албан», Boney M диско-гуруҳи ҳамда Otawan гуруҳларининг чиқишларидан баҳраманд бўлди.


Сўнгги хабарлар