Ўзбекистонда «Destination Forum» туристик форуми ташкил этилади
Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Германия туризм индустрияси айланмасининг 90 фоизини бирлаштирган ассоциация – Deutscher Reiseverband e.V. – DRV билан ҳамкорликда жорий йил 10-17 май кунлари Ўзбекистонда «Destination Forum» туристик форуми ўтказилади. Шу мақсадда махсус делегациянинг мамлакатга ташрифи ташкил этилмоқда.
Хорижий ҳамкорлар билан бирга 80 нафар меҳмонни кутиб олиш дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Делегация вакиллари 5 гуруҳга бўлиниб, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, маданий мерос объектлари, сайёҳлик қишлоқлари, оилавий меҳмон уйлари ва бошқа сўнгги барпо этилган туристик объектлар бўйлаб ахборот билан таъминланган саёҳатни амалга оширади.
Жорий йил 16 май куни маҳаллий туристик операторлар иштирокида «Destination Forum» форуми, В2В шаклидаги учрашувлар бўлиб ўтади.
Мазкур лойиҳа юзасидан ихтисослашган сайёҳлик журнали «FVW/TravelTalk» саҳифасида мамлакат сайёҳлик имкониятига бағишланган «Янги Ўзбекистонни кашф этинг!» номли материал чоп этилди. Мақолада немис мутахассислари 2023 йил 10-17 май кунлари ўтказиладиган мазкур лойиҳада иштирок этишга таклиф қилинган.
Фото: UzA