Ўзбекистонда 40 та йирик корхона ва банкдаги давлат улуши «халқчил IPO» орқали сотилади

TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон Президентининг 24 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш ишларининг ижроси ва бу борада жорий йилги режалар муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилишида 40 та йирик корхона ва банкдаги давлат улуши «халқчил IPO» орқали сотилиши маълум бўлди. Бу ҳақда Kazinform President.uzга таяниб хабар беради.
None

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев қарори билан хусусийлаштириш дастури тасдиқланди. Унда учта йўналишда – акция, кўчмас мулк ва IPO бўйича хусусийлаштириш режалари белгиланган.

Биринчидан, 1 мингта корхонадаги давлат акция пакетлари сотувга чиқарилади.

Иккинчидан, 1 мингта кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга қўйилади. Уларда 600 гектар ер ва 1 миллион квадрат метрли бино-иншоотлар мавжуд. Энг муҳими, инфратузилма билан таъминланган ва аҳоли пунктларига яқин.

Ушбу объектларни сотишни тезлаштириш учун мулкларни сотишга тайёрлаш муддати ҳозирги 80 кундан 48 кунга қисқартирилади. 2 минг квадрат метргача бўлган объектларни тадбиркорларнинг мурожаати асосида тўғридан-тўғри савдога чиқаришга рухсат берилади.

Учинчидан, 40 та йирик корхона ва банклардаги давлат улуши «халқчил IPO» орқали сотилади. Жумладан, илк бор Навоий ва Олмалиқ комбинатлари, Металлургия комбинати, «Ўзтелеком», Миллий банк, Саноатқурилишбанк каби йирик корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акциялари аҳолига таклиф этилади. Бунда аҳолига акцияларни тўғридан-тўғри сотиб олиш имконияти яратилади. Акциялари сотилган корхоналар беш йил давомида соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтиради.

Маълум қилинишича, мазкур дастур самарасида жорий йилда 13 триллион сўм тушум таъминланади, 3 мингта янги корхона ташкил этиш ва 50 мингта иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 апрелдан маҳаллий ишлаб чиқарилган барча техникалар хариди учун 15 фоиз субсидия берилиши ҳақида хабар берган эдик.

Фото: president.uz


Сўнгги хабарлар