Ўзбекистон Қозоғистондан пул ўтказмалари бўйича иккинчи ўринга чиқди

finprom.kz портали маълумотларига кўра, биринчи чоракда Туркия, Ўзбекистон ва Қирғизистон мамлакатлари Қозоғистондан пул ўтказмаларини жўнатиш бўйича энг машҳур йўналишлар бўлди.
Маблағларнинг деярли ярми фақат икки давлатга: Туркия (52,3 миллиард тенге) ва Ўзбекистонга (38,6 миллиард тенге) юборилган. Шунингдек, Қирғизистонга 33,2 млрд жўнатилган.
Портал маълумотларига кўра, кўп йиллар давомида Қозоғистон Республикасидан ўтказилган маблағлар бўйича етакчи бўлиб келган Россия тўртинчи ўринга тушган - 28,5 миллиард тенге, бу ўтган йилга нисбатан 36,2 фоизга кам.
Бешинчи ўрин Грузияга тегишли – 13,3 миллиард тенге, бу бир йил аввалгидан 4,3 баробар кўп.
Пул ўтказмалари тизимлари орасида Қозоўистон Республикасидан хорижга жўнатилган маблағлар ҳажми бўйича «Золотая Корона» катта фарқ билан етакчилик қилмоқда – 138,2 миллиард тенге. Бундан ташқари, муҳим ҳажмлар Contact (36 миллиард тенге) ва Western Union (10,5 миллиард тенге) ҳиссасига тўғри келди.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков