Ўзбекистон киберспортни расмий спорт тури сифатида тан олди
Киберспортни ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири киберспорт бўйича республика турнирларини ташкил этиш, шунингдек, нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳисобланади.
Шу мақсадда 2023 йилдан бошлаб ҳар йили «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги», «Ёшлар кубоги» турнирлари ва «Киберспорт бўйича Ўзбекистон чемпионати» ўтказилади.
Киберспорт бўйича профессионал ўйинчилар ва мураббийлар, малакали ҳакамлар ва шарҳловчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади. Шу мақсадда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида бакалавриатнинг «Спорт фаолияти: киберспорт» таълим йўналиши очилади.
Спортнинг ушбу турини ривожлантириш учун Спортни ривожлантириш, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги масъулдир.
Киберспорт дунёда фаол ривожланаётган соҳа бўлиб, у кўплаб мамлакатларда машҳурликка эришмоқда. 2017 йилдан бери Халқаро олимпия қўмитаси киберспортни олимпия спорт тури сифатида тан олиш масаласини кўриб чиқмоқда. Киберспорт 2018 йилда Қозоғистонда расмий спорт тури сифатида тан олинган.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков