Ўзбек алифбосида тўрт ҳарф ва бир ҳарф бирикмаси ўзгаради
Манбанинг таъкидлашича, учрашув алифбо ислоҳоти бўйича олимларнинг якуний ва ҳал қилувчи йиғилиши мақомида ўтган. Яъни унда келишилган қарорлар эндиликда қонунчилик палатасига кўриб чиқиш ва қонун сифатида маъқуллаш учун киритилади.
Лойиҳада алифбода энг муаммоли бўлган тўртта ҳарф ислоҳи бўйича таклиф аниқ қўйилган. Яъни булар «sh» ва «ch» ҳамда «o‘» ва «g‘» ҳарфларини «ş», «ç», «ō» ва «ğ» шаклида ўзгартириш масаласи. Бу таклиф тилшунос олимлар томонидан тўла маъқулланганлиги айтилмоқда.
Тадбирда янги алифбога «ц» ҳарфини киритиш таклифи ҳам билдирилди, аммо бунга бошқалар қўшилмади. Таклиф маъқулланмади.
Олимлар «ng» ҳарф бирикмасини ҳам бир ҳарфдан иборат белги «ñ»га ўзгартириш бўйича келишиб олишди. Бу айримларда эътироз уйғотди, аммо таклиф кўпчилик томонидан маъқулланди. Шундай қилиб, эндиликда алифбога «ng» товушини ифодаловчи «ñ» белгиси ҳам киритилиш эҳтимоли пайдо бўлганлиги таъкидланмоқда.