Ёшлар турмуш қуришга шошилмаяпти: Қозоғистонда оила институти қандай ўзгармоқда
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда Оила куни 1994 йилдан буён нишонланиб келинади. Ушбу сана муносабати билан Kazinform мухбири мамлакатдаги оила институтининг бугунги ҳолати ва уни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати қандай ўзгаргани ҳақида шарҳ тайёрлади.
Оила қадриятлари ўзгардими?
Мамлакатимизда 6,2 миллиондан ортиқ оила бор. Бироқ сўнгги статистика никоҳлар сони камайиб, аксинча, ажрашишлар кўпайганини кўрсатмоқда. 2026 йилнинг дастлабки уч ойида 21,6 мингта никоҳ қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 фоизга кам ва сўнгги 20 йилдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Никоҳлар сони бўйича Алмати, Туркистон вилояти ва Астана етакчилик қилмоқда.
Шу даврда 11,2 мингта никоҳ бекор қилинган. Бу сўнгги етти йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Ажрашишлар сони Алмати, Астана ва Қарағанди вилоятида кўп қайд этилган. Ажрашишларнинг тахминан 35 фоизи бирга яшаганларига бир йилдан тўрт йилгача бўлган жуфтликларга тўғри келади. Бу ёш оилалар умумий турмуш тарзига, молиявий мажбуриятларга ва ота-оналикка мослашиш жараёнида кўпинча қийинчиликларга дуч келишини кўрсатади. Бироқ бу ҳолатни фақат оила институтининг заифлашиши билан изоҳлаш тўғри эмас. Экспертлар ажрашиш ортида эр-хотин ўртасидаги тушунмовчилик, уй-рўзғор вазифаларининг тенг тақсимланмаслиги, қарамлик, хиёнат ва зўравонлик каби турли сабаблар борлигини таъкидламоқда.
«Ажрашишлар сонининг кўпайишини оила институтининг заифлашиши деб баҳолаб бўлмайди. Бу - оилавий муносабатлардаги мураккаб масалаларнинг белгисидир. Ажрашишни фақат салбий ҳодиса сифатида кўриш ҳам тўғри эмас. Агар оилада зўравонлик, доимий ҳақорат, алкогол ёки гиёҳванд моддаларга қарамлик, бола учун хавф ёки психологик босим мавжуд бўлса, ажрашиш инсоннинг хавфсизлиги ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш усули бўлиши мумкин. Оиланинг мустаҳкамлиги унинг расман сақланиб қолиши билан эмас, балки ундаги ишонч, ҳурмат, хавфсизлик ва ўзаро масъулият билан ўлчаниши керак”, — деди социолог, PhD доктори Айсулу Молдабекова.
Ёшлар нега никоҳни кейинга қолдирмоқда?
Айсулу Молдабекованинг айтишича, жамиятда оила ҳали ҳам муҳим қадриятлардан бири ҳисобланади. Бироқ ёшлар учун никоҳ аввалгидек ижтимоий мажбурият эмас, балки онгли танлов сифатида қабул қилина бошлаган. Шунинг учун улар оила қуришга шошилмасдан, аввал шахсий ҳаёти ва келажагига оид қатор масалаларни ҳал қилишга интилади.
“Илгари никоҳ кўпинча ёш билан боғлиқ мажбурият, авлод давомийлиги ва ота-оналарнинг кутганлари билан боғланган бўлса, бугунги ёшлар оилани онгли танлов сифатида қабул қилмоқда. Улар муҳаббат билан бир қаторда барқарор иш, уй-жой, молиявий имконият, психологик уйғунлик ва умумий мақсадларга ҳам аҳамият беради”, — деди эксперт.
Бу ўзгариш биринчи марта никоҳдан ўтиш ёшида ҳам намоён бўлмоқда. Ўтган йили Қозоғистонда никоҳдан ўтишнинг ўртача ёши эркакларда 27,9, аёлларда эса 25,3 ёшни ташкил этди.
Никоҳ ҳақидаги қарорга иқтисодий вазият ҳам бевосита таъсир қилади. Ёшлар, аввало, молиявий жиҳатдан оёққа туриб олишни хоҳлайди. Бундан ташқари, таълим олиш ва касбий тажриба тўплашга кетадиган вақт ҳам узайган.
“Ёшларнинг никоҳни кейинга қолдиришининг асосий сабабларидан бири — кўпчилик аввал молиявий жиҳатдан оёққа туриб олиб, шундан кейингина оила қуришни маъқул кўради. Шунингдек, ҳозирги ёшлар таълим ва карьерага кўпроқ вақт ажратади. Улар барқарор иш топиб, мустақил қарор қабул қила оладиган даражага етишни хоҳлайди. Айниқса, қизлар ва аёллар ўртасида таълим, карьера ва молиявий мустақилликка интилиш кучайган”, — деди социолог.
Халқаро тадқиқотларда ёшларнинг никоҳни кейинга қолдиришига уй-жой масаласи ҳам таъсир кўрсатаётгани қайд этилган. 2026 йилда Human Settlements and Sustainability журналида эълон қилинган тадқиқотда 52 мамлакат маълумотлари таҳлил қилиниб, уй-жой нархларининг ошиши никоҳдан ўтиш даражасининг пасайиши билан боғлиқ экани кўрсатилган.
Онлайн танишувдан кеч турмуш қуришгача
Бугунги кунда дастлабки мулоқот кўпинча ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформалар орқали бошланади. Рақамли муҳит одамларнинг мулоқот доирасини кенгайтирган бўлса-да, муносабатларнинг шаклланиш жараёнини ҳам ўзгартирди.
Психологларнинг айтишича, ёшлар бир-бирини узоқ вақт давомида таниб-билиши, ёзишмалар олиб бориши ва шундан кейингина ҳақиқий муносабатларга ўтиши мумкин.
“Жуфтлик сифатида шаклланиш жараёни аввалгига қараганда узоқроқ давом этиши мумкин”, — деб ҳисоблайди психолог Ғазиза Адилбай.
Никоҳ ёшининг ортиши демографик кўрсаткичларга ҳам таъсир қилади. Чунки никоҳнинг кечиктирилиши аёлларнинг биринчи фарзандини дунёга келтириш ёшини ҳам кейинга суради. Бу туғилиш кўрсаткичининг пасайиш сабабларидан бири бўлиши мумкин.
Туғилиш кўрсаткичи нега пасайиб бормоқда?
Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойида 74 067 нафар чақалоқ дунёга келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,2 фоизга кам. 2021 йилда эса мамлакатда 100 454 нафар чақалоқ туғилган. Беш йил ичида туғилишлар сони қарийб чорак қисмга камайган.
2021 йилдаги кўрсаткичдан кейин туғилишлар сони ҳар йили пасайган: 2022 йилда — 4,8 фоизга, 2023 йилда — 2,1 фоизга, 2024 йилда — 1,8 фоизга. 2025 йилда пасайиш суръати 15,7 фоизга етди. Жорий йилнинг биринчи чорагидаги кўрсаткич ҳатто 2007 йил даражасидан ҳам паст бўлди.
Шунга қарамай, маълумотларга қараб, узоқ муддатли демографик тенденция шаклланган, деган хулосага ҳали эрта. Демографик жараёнларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш маркази раҳбари Аяулим Сағинбаеванинг айтишича, барқарор тенденцияни аниқлаш учун камида 5-10 йиллик кузатув зарур.
Пандемия ҳам демографик кўрсаткичларга сезиларли таъсир кўрсатди. Унинг оқибатлари туғилиш, ўлим ва миграция статистикасида намоён бўлди. Мутахассиснинг айтишича, жами туғилиш коэффициенти 2022 йилдан кейин пасая бошлаган. Пандемия даврида кузатилган қисқа муддатли «бэби-бум»ни ҳам барқарор тенденция сифатида баҳолаб бўлмайди.
“Умуман, аҳоли сонининг ўсишига келадиган бўлсак, сўнгги 10 йилдаги тенденция тахминан бир даражада сақланиб қолмоқда: Қозоғистон аҳолиси ҳар йили ўртача 1,3 фоизга кўпаймоқда. Бу кўрсаткич амалда пандемиягача бўлган даражага қайтди. Бу аҳолининг ёш таркиби хусусиятлари билан боғлиқ табиий жараёндир”, — деди Аяулим Сағинбаева.
Туғилишлар сонининг камайишини фақат статистика билан тушунтириш етарли эмас. Ҳозир оилалар нафақат фарзандлар сонига, балки ота-она бўлишга тайёргарликка ва боланинг яшаш шароитларига ҳам кўпроқ эътибор қарата бошлади. Бу ўзгариш қозоғистонликларнинг фарзанд кўришга оид режаларида ҳам намоён бўлмоқда.
Бундан аввал Жамоат тараққиёти институти томонидан эълон қилинган «Қозоғистон оилалари» миллий маърузасидаги сўровномада 3 минг нафар респондент иштирок этган. Унинг натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 73,5 фоизи фарзанд кўришни режалаштириш зарур, деб ҳисоблайди. Бироқ амалда мунтазам тайёргарликдан ўтадиганлар улуши атиги 17 фоизни ташкил этади.
Фарзанд кўришни режалаштириш зарурлигини Абай вилояти аҳолисининг 99 фоизи, Улитау вилояти аҳолисининг 97,1 фоизи, Қостанай вилояти аҳолисининг 87,5 фоизи, Алмати шаҳри аҳолисининг 83,7 фоизи ва Ақтўбе вилояти аҳолисининг 82 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Бу маълумотлар замонавий оила сиёсатининг вазифаси фақат туғилиш кўрсаткичини ошириш билан чекланмаслигини кўрсатади. Оила қуриш, ота-она бўлиш ва фарзанд тарбияси учун қулай шароит яратиш ҳам муҳим. Шу йўналишда давлат сўнгги йилларда ҳуқуқий ва институционал механизмларни кучайтиришга устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлаш лозим.
Оилалар қандай қўллаб-қувватланади?
Ҳуқуқий механизмлар билан бир қаторда, оиланинг барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатадиган ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун давлат сиёсати нафақат оила ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан чекланиб, балки ота-оналар ва болалар учун кундалик ҳаётда зарур шароитларни яратишга ҳам қаратилган.
Мамлакатимизда оилани қўллаб-қувватлаш тизими фарзанд туғилиши билан боғлиқ тўловлардан тортиб, уй-жой, психологик ва ҳуқуқий ёрдамгача бўлган бир нечта йўналишни қамраб олади. Ёш ва кўп болали оилалар учун нафақалар, турли тўловлар ҳамда манзилли ижтимоий ёрдам кўзда тутилган.
Оила барқарорлигига таъсир қилувчи асосий масалалардан бири — уй-жой. Шу йўналишда иқтисодий ҳаракатчанлик сертификати орқали бир оилага тахминан 4,5 миллион тенгегача миқдорда моддий ёрдам кўрсатилади. Сўнгги уч йилда ушбу механизм орқали минглаб оила янги ҳудудларга кўчиб ўтиб, доимий уй-жойга эга бўлди.
Ижтимоий ва психологик ёрдамдан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида Оилани қўллаб-қувватлаш марказлари тармоғи ҳам кенгайтирилди. Уларнинг сони 33 тадан 124 тага етказилиб, 100 мингдан ортиқ фуқаро психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам олди.
Оилавий ва меҳнат мажбуриятларини бир вақтда бажариш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Шу мақсадда «Оилага қулай иш жойи» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа ота-оналарга меҳнат ва фарзанд тарбиясини биргаликда олиб бориш учун қулай шароит яратишга қаратилган.
Умуман олганда, Қозоғистонда оила сиёсати йўналиши аста-секин ўзгариб бормоқда. Асосий вазифа — никоҳ ёки оилалар сонини расмий равишда сақлаб қолиш эмас, балки фуқароларнинг оила қуриши, фарзанд тарбиялаши ва хавфсиз муҳитда яшаши учун зарур шароитларни яратишдан иборат.