Яман хусийлари АҚШ томонидан яна террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилди

Дональд Трамп “Ансор Аллоҳ”ни (Яманнинг катта қисмини назорат қилувчи хусийлар) террорчи ташкилот сифатида қайта номлаш жараёнини бошлаш ҳақидаги фармонни имзолади.
— Хусийларнинг ҳаракатлари Яқин Шарқдаги америкалик тинч аҳоли ва ходимлар хавфсизлигига, энг яқин минтақавий ҳамкорларимиз хавфсизлигига ва глобал денгиз савдоси барқарорлигига таҳдид солади, — дейилади ҳужжатда.
2021 йилда Жо Байден сайланганидан сўнг хусийлар АҚШнинг “хорижий террористик ташкилотлар” (FTO) рўйхатидан чиқарилган эди.
2023 йил октябрь ойида ХАМАСнинг Исроилга ҳужумидан сўнг, хусийлар халқаро юк ташиш тизими ва Исроил ҳудудига ҳужум қила бошлаганида, Оқ уй уларни “глобал фаол террорчи ташкилот” сифатида қайта таснифлади - бу камроқ чекловчи тасниф бўлиб, Яманга гуманитар ёрдам етказилишига рухсат берди.
Трампнинг фармонида айтилишича, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган хусийлар 2023 йилдан бери АҚШ ҳарбий кемаларига ўнлаб снарядлар отган, шунингдек, фуқаролик инфратузилмасига, жумладан БААдаги аэропортларга ҳужум қилган ва Исроилга 300 дан ортиқ снаряд отган.
— Хусийлар, шунингдек, Боб ал-Мандеб бўғози орқали ўтувчи тижорат кемаларига 100 мартадан ортиқ ҳужум қилиб, камида тўрт нафар денгизчини ўлдирган ва Қизил денгиздаги баъзи тижорат ташувчиларни йўналишни ўзгартиришга мажбур қилган, бу эса глобал инфляциянинг ошишига ҳисса қўшган, – дейилади ҳужжатда.
Аввалроқ Яман хусийлари Исроил билан боғлиқ бўлганлар бундан мустасно, Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларни тўхтатишларини маълум қилганди.