Ягона давлат харидлари платформасида 120 минг қозоғистонлик етказиб берувчи рўйхатдан ўтган
АSTANА. Kazinform – 2025 йилда Қозоғистондаги давлат харидларининг умумий ҳажми 8,1 трлн тенгега етди. Ягона рақамли платформада бозорнинг рекорд даражаси – тахминан 18 минг давлат буюртмачилари ва 120 минг фаол етказиб берувчилар рўйхатдан ўтган. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Дәурен Кенбейил маълум қилди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг топшириғига кўра 2025 йил 1 январдан кучга кирган «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун тизимни тубдан ислоҳ қилди. Асосий ютуқ – харид жараёнларининг муддатини қисқартириш ва тўлиқ автоматлаштириш ҳисобига очиқликни ошириш. Муҳим янгиликлардан бири – рейтинг-балл тизими. Ушбу тизим ва сунъий интеллект элементларини қўллаш натижасида танлов ғолибини энди атиги 5 кун ичида аниқлаш мумкин. Илгари стандарт танлов камида 60 кун давом этарди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тузиладиган шартномалар сегменти ҳам сезиларли ўсиш кўрсатди. Қозоғистонлик бизнес учун бир қатор муҳим имтиёзлар жорий қилинди: шартнома суммасининг 50 фоизигача мажбурий аванс, молиявий кафолатлардан озод қилиш ва жарима санкциялари бўйича енгиллик шартлари. Натижада маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар билан тузилган шартномалар ҳажми 23 фоизга ошди ва 456 млрд тенгега етди.
Шунингдек, ислоҳот иштирокчиларга қўйиладиган талабларни қатъийлаштириб, ноҳалол етказиб берувчилар учун ишончли тўсиқ яратди. Тизимда илгари содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумот автоматик равишда ҳисобга олинади. Бу ишбилармонлик обрўси ва сифат асосий мезонга айланадиган янги маданиятни шакллантиришга ёрдам беради.
– 2026 йилга бир қатор янги вазифалар қўйилган. Биринчидан, рейтинг-балл тизимини қўллаш доирасини кенгайтириб, уни етказиб берувчини танлашнинг асосий механизмига айлантирамиз. Иккинчидан, бутун давлат сектори ва квазидавлат компаниялари учун қоидаларни бирхиллаштиришни якунлаш зарур. Шунингдек, харид жараёнларига назоратни кучайтириш вазифаси турибди, – деб хулоса қилди Молия вазири ўринбосари.