Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиёт ривожлантирилади
Боку шаҳрида Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё департаменти бош директори Евгений Жуков ўртасида ўтказилган учрашувда бу ҳақда сўз юритилди, деб ёзади ЎзА.
БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) давомида ташкил этилган ушбу учрашувда томонлар Ўзбекистон ҳукумати ва ОТБ ўртасидаги ҳамкорлик доирасида иқлим ўзгаришига қарши курашиш, инфратузилмани ривожлантириш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва истиқболдаги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратди.
Шунингдек, унда инфратузилмани ривожлантириш орқали урбанизацияни такомиллаштириш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, стратегик ва кичик лойиҳалар ишлаб чиқиш, миллий шароитга мос инфратузилма ҳамда эко-саноат паркларини барпо этиш каби йўналишлар ҳам кўриб чиқилди.
Вазирлик ахборот хизматининг маълум қилишича, музокара якунида томонлар миллий эмиссия савдо тизими (ETS) ва мониторинг, ҳисобот ҳамда верификация (MRV) тизимини жорий этишни ўз ичига олган лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.