Ўзбекистонда шундай қишлоқ бор...

ASTANA. Kazinform – Ҳар бир масканнинг номланишида ўзига хослик бор. Қишлоқлар номланиши ҳам тарихий ҳақиқатларни ўзида мужассам этган. Қашқадарё вилояти, Касби туманидаги Хўжақарлиқ маҳалла фуқаролар йиғини таркибидаги Қозоқ қишлоғининг тарихи ҳақида ёзмоқчи бўлиб ташриф буюрганимизда, кексалар ота-боболаридан эшитган қишлоқ тарихи билан боғлиқ воқеалар ҳақида гапириб беришди.

Ўзбекистон

Айтишларича, қишлоқ XVI-XVII асрларда пайдо бўлган. Ўша пайтларда Бухоро амири катта кураш мусобақасини ташкил қилган. Мусобақада бир қозоқ йигити барча полвонларни мағлуб қилган. Шунда Бухоро амири ғолиб йигитга қандай истаги бўлса, бажо келтирилишини айтган. Полвон “Агар мумкин бўлса, менга бир жой туҳфа этинг, ўша жойда ака-укаларим, қариндошларим билан яшашни хоҳлайман”, деган экан. Амир ҳозирги Қозоқ қишлоғи жойлашган ҳудудни унга туҳфа қилибди. Шундан кейин бу жой обод гўшага айланади. Одамлар тўқ ва фаровон яшай бошлайди. Қишлоқдан дунёга таниқли бой-бадавлат одамлар чиқиб, машҳур бўлади. Шундай бойлардан бири Бекмир қозоқ эди. Бекмир қозоқ тез-тез укаси Қулмир қозоқ билан қизғин суҳбатлар қилиб, ҳаёт кечиради. Вақти келиб, катта давлатмандга айланган Бекмир бир куни укасига маслаҳат солади.

- Ука, мен бунча молу-давлатни нима қиламан? Дунёдан ўтиб кетгунимга қадар молу давлатни қўриқлаб ҳаёт кечиргунча, Қарши шаҳрига бориб, битта мадраса қурдирсам яхши эмасми? - дейди.

Укаси:

- Қўйинг, давлатингизни беҳуда сарфламанг. Яқинда бу юртга ўрислар келади. Қурган мадрасангизни кунпаякун қилади. Ёки отхонага айлантириб юборади. Бор саъй-ҳаракатингиз беҳуда кетади, - дейди.

Лекин Бекмир қозоқ эл-улус зиё олсин деб, Қарши шаҳрида 1911 йилда пишиқ ғиштдан икки қаватли мадраса қурдиради. Биринчи қаватда кенг саҳн қурилган бўлиб, сирланган кошинлар билан безатилмаган. Пештоқ қисмида мармар тошга ўйиб, араб ёзувида бино қачон, ким томонидан қурилганлиги тўғрисидаги маълумот битилган. Бинонинг икки томонида қуббалар бунёд этилган. Хоналар ҳам безаксиз. Юқори қисмига ганч панжаралар қилинган. Шундан ёруғлик тушиб туради. Бино тарҳи Шермуҳаммад мадрасасига яқин. Пештоғидаги мармардаги ёзув қуйидагича: “Амир Олимхон замонида унинг саодатли раиятларидан бири Насафда мадраса бино қилди. Унинг адолатидан жаҳон жаннатга айланди. Бу киши олийҳиммат Бекмуроддир. Бу ишга беадад ганж ва ғишт сарф қилинди. Қалам унинг иморат қилган йилини ҳисоблаб шундай топади: Эй номи боқий қоладиган, дунёда яхшилик ниҳолини ўтқазган учун қалам “Манбаъи файзи Бекмурод” (яъни “Бекмуроднинг файзли манбаи”) деб ёзди. 1329 ҳижрий сана. Ҳар бир ўқигандан дуо умид қилинади. Муҳаммад Солих Самарқандий иши”.

Мадраса кўп йиллар фаолият юритган. Бино шўролар даврида, Қулмир айтганидек, ташландиқ жойга айланди. Истиқлол туфайли бино яна қайта тикланди. Ҳозирги кунда ҳам бу мадраса вилоят маркази – Қарши шаҳрига кўрк бериб турибди.

Қозоқ қишлоғи ҳозирда ҳам обод. Аҳоли ХVII-XX асрларда асосан чорвачилик билан шуғулланган. XX-XXI асрга келиб, қишлоқ аҳли деҳқончиликни касб-кор қилиб олган. Аҳолиси салкам тўрт минг киши. Қишлоқда деҳқончилик қилиб, томорқадан яхши даромад олиб келаётган деҳқону соҳибкорлар кўпчилик. Бунга сабаб қишлоқ ичидан катта Оби ҳаёт канали оқиб ўтади.

Қишлоқда бўлган кунимиз томорқасидан унумли фойдаланиб, фаровон ҳаёт кечираётган Ҳамза Абдураҳмонов хонадонида қизғин иш устидан чиқдик.

- Мен бу қишлоқда биринчи бўлиб шолғом экканман. Илк бор шолғом экканимга 25 йил бўлди. Кўпчилик қишлоқдошларим менга эргашди. Ҳосил мўл бўлди. Шундан кейин ҳамма томорқасида шолғом ва бошқа полиз экинларини етитиришга одатланди, - дейди биз билан суҳбатда Ҳамза Абдураҳмонов.

Ҳа, қишлоқдаги ҳамма хонадонларда шолғом экилади. Қишлоқ аҳли январь ойидаёқ плёнка остига уруғ сепади. Наврўзда илк ҳосил нишона беради. Томорқаларда йил бўйи шолғом кавланиб, ички бозорга чиқарилади.

Қишлоқ аҳли картошка, помидор, бодринг ва бошқа полиз экинларидан ҳам яхши даромад топади. Ўрик, олхўри, бодом, олма ва узум ҳамда анор етиштирилади. Йўл четларида манзарали дарахтлар ҳам кўп. Қишлоқ сўлим гўшага айланган.

Бир қозоқ полвонининг ғалабаси ўзбек заминида катта бир қишлоқ пайдо бўлишига сабаб бўлган. Аҳоли зич истиқомат қиладиган Қозоқ қишлоғи кундан-кунга чирой очиб ободонлашиб бормоқда.

Лазиз ТЕМИРОВ,

Зиёдулла ХАЛИЛОВ,

Бахтиёр РАЖАБОВ.

Сўнгги хабарлар