Ўзбекистонда олтита “яшил” электр станция ишга туширилди

Ўзбекистонда олтита “яшил” электр станция ишга туширилди
Фото: ЎзА

Тошкентда Ўзбекистон раҳбари ва хорижий инвесторлар иштирокида умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган янги “яшил” электр станцияларини ишга туширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар беради Каzinform мухбири.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, республиканинг олти вилоятида бешта қуёш ва битта шамол электр станцияси ишга туширилди.

Навоий ва Самарқанд вилоятларида биринчи марта тўлиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан давлат-хусусий шериклик шартларида умумий қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш электр станциялари ишга туширилди.

Амирликларнинг Masdar компанияси Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 мегаватт бўлган учта замонавий фотоэлектр стансиясини қуриш бўйича лойиҳаларни якунлади.

Навоий вилоятининг Томди туманида 500 мегаватт қувватга эга шамол электр станциясининг биринчи навбати қурилди.

Қайд этилишича, қурилиш ишлари рекорд даражада — бор-йўғи тўққиз ойда якунланган.

– Айни пайтда мамлакатда 9 гигаватт қувватга эга 22 қуёш ва шамол электр станциясини қуриш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Биз хориж компаниялари билан самарали ҳамкорликни янада кенгайтирамиз, – деди Ўзбекистон раҳбари.

Умуман олганда, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб “яшил” электр станциялар қувватини 27 гигаваттгача ошириш режалаштирилган. Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага зарарли моддалар чиқарилишини 34 миллион тоннага камайтириш имконини беради.

Тадбирда Masdar компанияси бош директори Муҳаммад Жамил Ал Рамахий, China Energy Engineering Corporation Ву Юнь, China Energy International Group бошқаруви раиси Лю Цзэсян, China Gezhouba Group бошқаруви раиси Линь Сяодан, ва SEPCO III ва Dongfang Electric Corporation раҳбарлари иштирок этдилар.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков

Сўнгги хабарлар
telegram